Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда самарали ва конструктив минтақавий сиёсат олиб бормоқда, деган хулосага келди АҚШнинг нуфузли тадқиқот марказларидан бири «Jamestown Foundation». Бу ҳақида «Жаҳон» АА хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, марказ Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этаркан, расмий Тошкент томонидан Афғонистон билан ҳам алоқаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берган.
«Ушбу мамлакат билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш Ўзбекистон раҳбариятининг турли даражадаги алоқаларни йўлга қўйиш борасида янгича қарашларга эга эканининг натижасидир, — деб ёзади «Jamestown Foundation». — Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг афғон ҳамкасби билан тўғридан-тўғри шахсий, шу жумладан, халқаро форумлар саҳнасидаги алоқасини ёқлайди». Шу ўринда иккала давлат раҳбарининг шу йил 8 июн куни бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммити доирасидаги барча йўналишларда шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган учрашуви ёдга олинади.
Марказ шунингдек, 2017 йил январ ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулга ташриф буюргани ва Афғонистон раҳбарияти билан музокаралар олиб боргани ҳақида тўхталади.
Мақолада Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг сўзларидан иқтибос келтирилиб, иккала мамлакатда ҳам ўзаро товар айланмасини айни кундаги 500 миллион АҚШ долларидан 2017 йилнинг охирига қадар 1 миллиардга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги ҳақида хабар берилади.
«Шу йилнинг январ ойида Кобул шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи очилди ва бу ерда мунтазам равишда Афғонистонга шимолий қўшни давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади, — дейилади мақолада. — Дарвоқе, Ўзбекистон Афғонистон билан темир йўл орқали боғланган ягона давлат ҳисобланади ҳамда бу йўл орқали ўлкага нефт ва газ саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалик техникалари, дори-дармонлар ва бошқа товарларни етказиб берилади».