11368

Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотлари нархини назорат қилади

Ўзбекистон 29 июнь 9:32 698

Кун нашрининг хабар беришича, Ўзбекистонда мамлакат Бош вазири раҳбарлигида асосий маҳсулотлар нархини мониторинг ва назорат қилиш бўйича Республика комиссияси ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 июндаги “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга асосий озиқ-овқат товарлари билан ишончли таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар тўғрисида”ги қарорида шу ҳақда сўз юритилади.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда мамлакат Бош вазири А.Арипов бошчилигида ижтимоий аҳамиятга эга асосий озиқ-овқат товарлари нархларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича Республика ҳамда ҳудудий комиссиялари ташкил этилади.

Бундан ташқари, ички истеъмол бозорида нархларни барқарорлаштиришга кўмак бериш Фондини ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу Фонд маблағлари ички бозордаги озиқ-овқат товарларига талаб ва таклифларнинг мавсумий ҳамда бошқа жиддий тебранишларини меъёрга солишга йўналтирилади. Бундай маҳсулотлар орасида биринчи навбатда – гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғлари, дон маҳсулотлари, ун, картошка, сабзи, пиёз ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга муҳим озиқ-овқат товарлари бор.

Республика ва ҳудудий комиссиялар жойларда асосий ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва сотишни ўз вақтида амалга оширишни мувофиқлаштиради; ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик мақсадида тизимли назорат олиб боради; Ўзбекистон МТРК, “Маҳалла” Жамғармаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Фонд маблағлари ҳисобидан асосий ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши ва сотилиши жараёнларининг самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича чоралар кўради.

Изоҳ билдириш