11252

Тошкентда Венгрия элчихонасини очилиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон 27 июнь 17:08 393

Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сиярто Тошкент шаҳридаги Венгрия элчихонасининг расмий очилиши ҳамда элчихона биносида Венгрия ва Европа Иттифоқи байроқлари кўтарилишига бағишланган маросимда иштирок этишди.

Мазкур маросимда Венгрия элчиси Петер Санто, Ўзбекистон ва Венгрия ТИВ раҳбарлари нутқ сўзлади.

Вазир Абдулазиз Комилов ўз нутқида Венгрия делегациясини қутлар экан, Венгрия элчихонаси икки давлат ўртасида яқин ва манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда фаол боғловчи бўғин вазифасини бажаришига ишонч билдирди.

Вазир Петер Сияртонинг давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигига тўғри келган мазкур ташрифига Ўзбекистонда икки томонлама муносабатлардаги муҳим воқеа сифатида қаралади. Ушбу ташриф дўстлик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатларни инобатга олиш руҳидаги анъанавий ривожланаётган Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигига жўшқинлик беришга икки томонда ҳам қизиқиш ва интилиш борлигини тасдиқлайди.

Абдулазиз Комилов Венгрия делегациясининг Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, ташқи ишлар вазирлиги, ташқи савдо вазирлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Инвестиция бўйича Давлат қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан бугун бўлиб ўтган конструктив ва самарали музокараларини мамнуният билан қайд этди. Мазкур учрашувлар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

«Ишонч билан айтишни истардимки, бугун биз Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари тарихида янги саҳифани очмоқдамиз ва мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни фаол илгари суриш бўйича биргаликдаги фаолиятимизни давом эттирамиз», – деган Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Изоҳ билдириш