11062

Қайта молиялаш ставкаси кўтарилади

Иқтисод 24 июнь 23:02 426

Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 28 июньдан йиллик 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Банк матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ҳақдаги қарор банк бошқарувининг пул-кредит сиёсати чора-тадбирларининг иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини муҳокамасига бағишланган йиғилиши якуни бўйича қабул қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси кўрсаткичи 2015 йил 1 январьдан бери 9 фоиз қийматида эди. Ставка 2002 йил 1 январидан бери муттасил равишда пасайиб келаётган эди (ўшанда ставка кўрсаткичи 30 фоизга тенг бўлган).

Қайта молиялаш ставкаси кўрсаткичи оширилиши муносабати билан Марказий банк махсус баёнот берган бўлиб, унинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Марказий банк Бошқарувининг пул-кредит сиёсати чора-тадбирларининг иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини муҳокамасига бағишланган йиғилиши якуни бўйича жорий йилнинг 28 июнь кунидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши жорий йилнинг ўтган даврида инфляция суръатларининг тезлашиши ҳамда инфляцион хатарларнинг ортишини чеклаш бўйича чораларни кучайтириш заруриятининг юзага келганлиги билан изоҳланади.

Инфляция даражасига нархларнинг мавсумий ўзгариши ҳамда таклиф омиллари билан бир қаторда иқтисодиётни кредитлаш ҳамда миллий валюта девалвациясининг ўтган йилга нисбатан юқорироқ суръатларда ошиб бориши ҳам ўз таъсирини ўтказди.

Юзага келган шароитда амалдаги фоиз ставкалари кредит ресурсларига спекулятив талабнинг ошишига ҳамда инфляцион спиральлар пайдо бўлиши хавфининг ортишига олиб келмоқда.

Ушбу ҳолатда қайта молиялаш ставкасини ошириш тўғрисидаги қарор Марказий банк томонидан инфляция ўсишининг олдини олувчи таъсирчан чора сифатида қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

  1. монетар омилларнинг нархлар даражаси ўсишига таъсирини ва инфляцион хатарларни чеклаш ҳамда инфляцияни мақсадли кўрсаткичлар доирасида сақлаб қолиш;
  2. ижобий реал фоиз ставкаларини таъминлаш ва иқтисодиёт реал секторини кредитлашда мувозанатли шароитларни яратиш;
  3. валюта курси шаклланишининг эркин бозор режимига ўтиш учун зарурий шарт-шароитларни яратиш;
  4. нархлар барқарорлиги ва паст инфляцион кутилмаларни таъминлаш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли инвестицион қўйилмаларни рағбатлантириш орқали тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай иқтисодий шароитларни шакллантириш.

Марказий банк келгусида ҳам нархлар даражасининг ўсишига йўл қўймаслик ва иқтисодиётда барқарор паст инфляцион кутилмаларни шакллантиришга қаратилган мақсадли чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттиради.

Истеъмол бозорида нархлар барқарорлиги ва инфляцион хатарларнинг пасайишига эришилиши билан қайта молиялаш ставкаси қайта кўриб чиқилиб, пасайтириб борилади.

Изоҳ билдириш