38553

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникасининг маҳаллий бренди ишлаб чиқилади

Технология 11 май 22:43 447

Ўзбекистонда яқин ойларда қишлоқ хўжалик техникасининг маҳаллий бренди пайдо бўлади. Бу ҳақида президентнинг тегишли қарорида назарда тутилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарор талабларига кўра «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ, Иқтисодиёт, Молия вазирликлари ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қишлоқ хўжалиги техникасининг маҳаллий брендини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга жорий этишни назарда тутган ҳолда республикада қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, 2018-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг янги ишлаб чиқаришларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш юзасидан инвестиция лойиҳалари рўйхати билан бирга қишлоқ хўжалиги техникасининг ҳар бир тури бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тайёрланади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тармоқ кооперацияси доирасида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси ва унинг компонентлари таннархини пасайтириш дастури ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни молиялаштиришни яхшилаш учун халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда республикада фермер хўжаликларини юқори қувватли тракторлари — 75 %, ғалла йиғиш тракторлари — 86 %, пахта йиғим тракторлари — 28 %, пахта экиш — 60 %, дон экиш тракторлари — 25 %га таъминланган.

Республикада мавжуд бўлган ва эскирган техникаларни ҳисобга олганда жами 82 минг дона турли қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарга эҳтиёж мавжуд. Фақат жорий йилда фермерларни 16 минг донани, шу жумладан, биринчи ярим йилликда 5,8 минг дона билан таъминлаш режалаштирилган.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар