35839

Цукерберг Facebook номидан узр сўради ва яна Ўзбекистонни тилга олди

Технология 11 апрель 17:18 141

Facebook асосчиси Марк Цукерберг 10 апрель, сешанба куни АҚШ сенати қаршисида нутқ сўзлади.

Цукерберг катта ҳажмдаги шахсий маълумотларнинг тарқалиб кетиши юз берганини ва ундан сиёсий консалтингга ихтисослашган Cambridge Analytica компанияси фойдаланиб қолганини тан олди. Ижтимоий тармоқ маълумотларига кўра, тадқиқотчи Александр Коган сўров дастурини яратган, у 300 мингга яқин фойдаланувчига ўрнатилган. Сервис фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган, сўнг уларнинг 10 миллион нафар дўстлари ҳақидаги маълумотни ҳам қўлга киритган.

Марк Цукерберг фойдаланувчилар қаршисида узр сўради ва маълумотларнинг тарқалиб кетиши унинг хатоси бўлганини айтиб, айбни ўз бўйнига олди. Шунингдек, Цукерберг АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳамкори бўлган «Cambridge Analytica» компанияси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига тегишли шахсий маълумотлардан 2016 йилги президентлик сайловларида Трампнинг ғалабаси учун фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотни рад этди.

Цукербергнинг сўзларига кўра, шов-шув юзасидан компания ички текширув ўтказмоқда.

Цукерберг «Cambridge Analytica» «Facebook» тармоғида тўплаган маълумотлардан Россиянинг «Internet Research Agency» номли троллар жамоаси фойдаланган бўлиши мумкинлигини ҳам айтди. Бироқ «Cambridge Analytica» раҳбари компания ҳеч қачон Россия ва россияликлар билан ишламаганини маълум қилган.

Сенатдаги нутқида Facebook асосчиси яна бир бора Ўзбекистонни тилга олди ва Россиянинг «троллар фабрикаси» сифатида машҳур бўлган «Интернет тадқиқотлар агентлиги» (Internet Research Agency, IRA) компаниясига тегишли бўлган 270 дан ортиқ саҳифа ва аккаунтлар бир нечта мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг рус тилида сўзлашувчи аҳолисига қаратилган тарғиботни тарқатганини тасдиқлади.

Изоҳ билдириш