«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ва S7 Airlines авиакомпанияси Тошкент ва Намангандан Россиянинг Жанубий Сахалинск, Хабаровск, Владивосток шаҳарларига авиарейсларни йўлга қўйди.
МАК матбуот хизмати хабарига кўра, парвозлар код-шеринг келишуви доирасида амалга оширилади.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ва S7 Airlines авиакомпанияси ўртасида имзоланган Код-Шер келишуви асосида МАК йўловчилари Тошкент ва Намангандан тўғридан-тўғри Россия Федерациясининг Узоқ Шарқида жойлашган — Жанубий-Сахалинск, Хабаровск, Владивосток каби шаҳарларига ва ортга парвоз қилишлари мумкин», — дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, қатновлар S7 Airlines авиакомпанияси билан ҳамкорликда Новосибирск шаҳри орқали амалга оширилади.
Тошкентдан Жанубий-Сахалинск, Хабаровск ва Владивосток шаҳарларига қатновлар душанба, пайшанба ва шанба кунлари, шунингдек, Наманган шаҳарларига ва ортга душанба кунлари бажарилади.