Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати «Дальнее» конини ўзлаштиришга киришди, деб хабар қилди корхона матбуот хизмати. Мазкур кон базасида ОТМК ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш тўғрисидаги қарор 1 март Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган эди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад, “Олмалиқ КМК” АЖнинг барқарор ривожланиши, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва кенгайтириш, “Дальнее” конининг мис-молибден рудаларини халқаро стандартларга мувофиқ бўлган, энергия самарадор ва экологик меъёрларга жавоб берадиган замонавий технологиялар ҳамда жиҳозлар мажмуасини қўллаган ҳолда ўзлаштириш ҳисобига комбинатнинг хом-ашё базасини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Лойиҳани амалга ошириш икки босқичда олиб борилади:
1 босқич (2017-2021 й.й.) – “Дальнее” конининг “Марказий” каръерида устки қатламларни очиш ва тоғ-капитал ишларини бажариш, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика ва бошқа тегишли инфратузилма объектларини бунёд этиш ҳамда тоғ-кончилик, транспорт ва бошқа техникаларни харид қилиш лойиҳанинг биринчи босқичида амалга ошириладиган вазифалар асосини ташкил этади;
2 босқич (2019–2028 й.й.) – Устки қатламларни очиш ва тоғ-капитал ишларини давом эттирган ҳолда қайта ишловчи, эритиш, зарурий ва ёрдамчи объектлар комплекслари бунёд этилиб, 23,0 млн. тоннага тенг рудаларни қайта ишлаш қувватларига чиқиш.
Бугунги кунда ушбу нуфузли лойиҳа ижросининг 1-босқичи доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.
Қиймати 1,7 миллиард долларга яқин бўлган лойиҳа Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тижорат банклари кредитлари ва ОКМК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.