39711

Самарқанддаги қишлоқга ёпирилган сел оқибатлари бартараф этилмоқда (фото)

Ўзбекистон 23 май 10:04 972

Нуробод туманининг Жом қишлоғида 16 майга ўтар кечаси ёққан кучли ёмғир оқибатида Жом, Гирдиқўрғон ҳамда Омондара маҳаллаларида сел келиши кузатилди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига қараганда, мазкур маҳаллаларда 71 хонадондаги уй-жой, қўшимча бинолар ва томорқаларга зарар етган, ҳудуддаги тўртта кўприк таъмирга муҳтож ҳолатга келган.

Юзага келган талафотларга Жом сойи ўзани атрофида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларнинг қуриб олиниши, сел йўлида деҳқончилик маҳсулотлари экилгани сабаб бўлган. Яъни, қишлоқнинг юқори қисмидан бошланган сел оқими сой бўйидаги дарахт шохлари, ёғоч бўлакларини оқизиб, кўприклар остига тиқилган ва сувнинг кўприк устидан оқиб ўтишига ҳамда сойга яқин бўлган аҳоли хонадонлари ва томорқаларини сув босишига олиб келган.

Воқеа содир бўлган куниёқ сел талафотларини бартараф этиш, келтирилган зарарни аниқлаш бўйича тезкор штаб ташкил этилди. Вилоят фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ветеринария бошқармалари, архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, Нуробод тумани ҳокимлиги мутахассисларидан иборат 5 та ишчи гуруҳи тузилди. Сел билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишларига фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 50 нафар шахсий таркиби, Марказий ҳарбий округнинг 350 нафар ҳарбий хизматчиси ва техникалари жалб этилди. Бу ҳақида «Зарафшон» хабар бермоқда.

Эпидемиология ва эпизоотик барқарорликни таъминлаш бўйича вилоят ва туман ДСЕНМнинг 52 нафар, ветеринария хизматининг 11 нафар мутахассиси томонидан хонадонларда санитария ва ветеринария кўриклари ўтказилди, 179 та молхона, ҳожатхоналар, 27 та қудуқда зарарсизлантириш ишлари амалга оширилди. Жомсой ариғининг 12 нуқтасидан лаборатория таҳлили учун сув намуналари олинди. Селда нобуд бўлган 44 бош майда ва йирик шохли чорва моллари ҳамда бошқа уй ҳайвонлари йўқ қилинди.  

Вилоят ҳокимлиги, корхоналар, муассасалар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан табиий офатдан жабр кўрган хонадонларга 30 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари, 2000 дона кийим-кечак, 500 дан зиёд кўрпа-тўшак, ёстиқ, чойшаблар, дори-дармон, рўзғор буюмлари, кир ювиш воситалари тарқатилди.

Изоҳ билдириш