50998

Nexia’да бедарак кетган йигит топилди

Ўзбекистон 5 февраль 10:49 1 292

15-январь куни ўзининг “Нексия” автомобилида уйидан чиқиб, бедарак йўқолган 26 ёшли Шербоев Д. соғ-саломат ҳолда топилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

28 январь куни Ички ишлар органига Шербоевнинг онаси мурожаат қилиб, шу йил 15 январь куни соат 12:30 ларда бирга яшовчи 26 ёшли ўғли Давронбек Шербоев “Nexia” автомашинасида уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлигини маълум қилган. Аёл ўғлининг йўқолганлиги ҳақида дарҳол ариза ёзмайди, чунки илгари ўғли бир неча кун уйига келмаган ҳолатлар ҳам бўлган эди.

ИИББнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасининг ўзидаёқ ушбу хабар 8 728 та фойдаланувчилар томонидан кўриб чиқилиб, 167 нафар инсонлар томонидан қайта эълон қилинган бўлса, Telegram мессенджерида эса ушбу маълумотни кўриб чиққанлар сони 5 мингдан ошди.

Хабарда ёзилишича, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи фуқаролар уни таниб қолиб, ички ишлар органларига хабар қилишади. Белгиланган манзилга Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари етиб борадилар. Давронбек эса соғ-саломат ҳолида ўз автомобилида уйига қайтиб келади.

Изоҳ билдириш