49344

Газ нархини оширган заправкаларга санкция қўлланиши мумкин – Молия вазирлиги

Ўзбекистон 21 ноябрь 13:18 770

Молия вазирлиги газ-заправкалар томонидан нархнинг 17 фоизга оширилишини асоссиз эканлиги ва агар нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли чораларни кўришга мажбур бўлишини маълум қилган.

Шу йилнинг 16 ноябридан автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали қуйилаётган газ нархлари таҳлили шуни кўрсатдики, улар томонидан реализация қилинаётган табиий газ нархи 300-400 сўмга қимматлади (1700-1800 сўмдан 2000-2200 сўмгача).

Молия вазирлиги хабарига кўра, автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархини оширишга асос йўқ.

«Молия вазирлиги газ-заправкалар томонидан нархнинг 17 фоизга оширилишини асоссиз, деб билади. Агар нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни кўришга мажбур бўлади. Жумладан, транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқишга ёки бошқа фискаль чораларни кўришга мажбур бўлади», – деган вазирлик хабарида.

Маълумот учун: 16 ноябрга қадар газ-заправкаларга етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи — 789 сўм 74 тийин (бунинг 289,74 тийини — табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми — махсус инвестиция устама ҳақи).

Ҳозирги пайтда Давлат рақобат қўмитаси, “Ўздавнефтгазинспекцияси” ва давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида газ-заправкаларда нархлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича топшириқ берилган.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар