32462

(Видео) “Аҳмадбой” ва унинг 6 нафар хамтовоқларига суд ҳукми чиқарилди

Ўзбекистон 21 февраль 18:08 1 728

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида “Аҳмадбой” (Аҳмаджон Турсунбоев) ҳамда унинг шериклари бўйича суд-тергови 2018 йил 16 февраль куни бўлиб ўтган эди.

Бугун, 21 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди молиявий пирамида асосчиси Аҳмаджон Турсунбоев (Аҳмадбой) ҳамда унинг 6 нафар шеригига нисбатан суд ҳукмини ўқиб эшиттирди.

Чинозлик Аҳмадбой Турсунбоев Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган фирибгарлик, пора бериш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди.

Унга кўра, Аҳмаджон Турсунбоев (АХМАДБОЙ) 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, А. Турсунбоев бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, энг кам иш ҳақининг 400 баравари — 52 млн 96 минг сўм миқдорида жарима жазоси ҳам тайинланди. У жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланади.

Судда унинг шерикларига ҳам тегишли жазо тайинланди:

О. Қўчқоров —бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йилга озодликдан маҳрум этилди ҳамда энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

И. Ибрагимов — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йилга озодликдан маҳрум этилди ҳамда энг кам иш ҳақининг 350 баравари — 45 млн 584 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

М. Турсунбоев — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йилга озодликдан маҳрум этилди ва энг кам иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

О. Турсунбоев — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йилга озодликдан маҳрум этилди ҳамда энг кам иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

А. Турдиев — бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йилга озодликдан маҳрум этилди ҳамда энг кам иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Р. Исмоилов — 10 йилга озодликдан маҳрум этилди ҳамда энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июнь ойида Чиноз туманида қўлга олинган эди. У одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган.

Изоҳ билдириш