9789

Ғалабадан сўнг Қатар бош мураббийи истеъфога чиқди

Спорт 14 июнь 13:44 358

Уругвайлик мутахассис Хорхе Фосатти Қатар терма жамоаси бош мураббийлигидан кетди. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри «Ал-Касс» телеканалига асосланиб маълумот берди.

64 ёшли мутахассис 8 ой муқаддам Қатар бош мураббийи этиб тайинланганди. Боиси қатарликлар ЖЧ—2018 саралашининг кетма-кет икки турида — аввал Эрондан (0:2), кейин Ўзбекистондан (0:1) мағлубият қабул қилиб олганди.

Фосатти бошқарувида қатарликлар саралашнинг олти турида майдонга тушди ва 7 очко тўплашга муваффақ бўлди. 13 июнь куни Қатар Доҳада Россия—2018 чиптаси учун асосий даъвогарлардан бири бўлган Жанубий Кореяни мағлуб этишга ҳам муваффақ бўлганди. Аммо беллашувдан сўнг Фосатти ариза ёзишга қарор қилган.

8-турдан кейин Қатарда назарий жиҳатдан 3-ўринни қўлга киритиш имконияти сақланиб турибди. Бунинг учун жамоа келаси икки турда Сурия ва Хитой термаларини мағлуб этиши керак. Мана шундай пайтда тажрибали мутахассиснинг ишдан кетиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди дейиш мумкин.

Изоҳ билдириш