9106

Туман газ идораси бошлиғи пора олаётганда қўлга тушди

Жамият 8 июнь 13:46 556

«Тошкентгазтаъминот» таркибига кирувчи «Оҳангаронтумангаз» филиали бошлиғи вазифасини бажарувчи Ўктам Қаршиев пора олаётганда қўлга тушди, деб маълум қилди МХХ вакили Sputnik мухбирига.

Уни қўлга олиш бўйича тадбир Тошкент вилояти МХХ бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди. Ўктам Қаршиев хизмат лавозимини суиистеъмол қилган ва мунтазам равишда ўзи бошқараётган корхонага ишга қабул қилиш учун пул таъма қилиб келган.

«Қаршиев «Оҳангаронтумангаз» корхонаси ҳовлисида фуқарони ишга жойлаштириб қўйиш учун 450 доллар пора олаётганда қўлга олинди. Дастлабки суриштирув давомида у айбига тўлиқ иқрор бўлди», — деди МХХ вакили.

Ўктам Қаршиевга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси («Пора олиш») бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари у томонидан содир этилган бошқа жиноий ҳолатларни аниқламоқда.

МХХ вакилининг айтишича, Қаршиевнинг қўлга олиниши «Оҳангаронтумангаз» ходимлари томонидан ижобий баҳоланган. У узоқ вақт давомида қўл остидагилардан ҳам, унга мурожаат қилиб келган фуқаролардан ҳам пул талаб қилиб келган.

Изоҳ билдириш