8808

Қатар дипломатик муносабатларни тўхтатган давлатларга ўз муносабатини билдирди

мир 6 июнь 9:11 389

Қатар араб давлатларининг мамлакат билан дипломатик алоқаларни узиш ҳақидаги қарорини ноўрин деб баҳолайди. Бу ҳақида амирлик ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди деб AFP агентлиги хабар тарқатди.

«Доҳа Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайннинг алоқаларни узиш, чегараларни ёпиш ҳақидаги қароридан афсус билдиради  ва буни қуруқ даъволарга асосланган ноўрин чора деб ҳисоблайди. Биз бу чоралар Қатар иқтисодиёти ва унинг фуқароларига таъсир кўрсатмаслигига ҳаракат қиламиз», — дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик Қатарнинг минтақада террорчи гуруҳлар ва мутаассиб мафкурани қўллаб-қувватлашга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди. Амирлик расмийларига кўра, Қатар ушбу давлат манфаатларига зарар етказиш мақсадида уюштирилган ахборот хуружига дуч келди.

«Қатар бошқа давлатлар суверенитетини ҳурмат қилади ва уларнинг ички ишларига аралашмайди. Доҳа террорчилик ва экстремизмга қарши туриш борасидаги мажбуриятларини бажариб келмоқда», — деб таъкидланади Қатар ТИВ баёнотида.

Қатар ва Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги зиддият Ар-Риёдда бўлиб ўтган Форс кўрфази мамлакатлари ва АҚШ саммитидан кейин юзага келди. Ўшанда Қатар янгиликлар агентлиги мамлакат амири номидан нутқ эълон қилган, унда Эрон билан алоқалар ўрнатиш ёқлаб чиқилганди.

Кейинроқ Қатар ТИВ расмий вакили агентлик сайтига хакерлар ҳужум қилиб, нутқни улар жойлаштирганини маълум қилди. Аммо Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн бу раддияни ишончсиз деб ҳисоблади.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар