3319

Ўзбекистон Президенти Виртуал қабулхонасига 2017 йил бошидан бери 315 мингта мурожаат келиб тушди

Жамият 12 апрель 9:32 336

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 11 апрель куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Селектор йиғилишида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишларнинг аҳволи муҳокама қилинди.

Қайд этишларича, 2017 йил бошидан буён Виртуал қабулхонага 315 мингта мурожаат келиб тушган. Жойлардаги Халқ қабулхоналарида 47 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилинган ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган.

Шу билан бирга, жойларда баъзи раҳбарларнинг аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кўзга ташланмоқда.

Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунинг учун аҳоли ва юридик шахслар марказий идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Йиғилишда мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, бош вазир Абдулла Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергановга кўплаб мурожаатлар, айниқса, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни бир ой муддатда ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан комплекс таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилди.

Изоҳ билдириш