13133

73 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президент маблағлари ҳисобидан Ҳаж зиёратига юборилади

Жамият 18 июль 12:28 518

Юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак Ҳаж зиёратига бориш бўйича билдирган  истаклари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг таклифи инобатга олиниб, илгари Ҳаж зиёратига боролмаган ёки бунга имкони бўлмаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президент томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ҳаж зиёратига юбориладиган бўлди. Бу ҳақида “Нуроний” жамғармаси хабар берди.

“Нуроний” жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари иштирокида Ҳаж зиёратига бориш истагини билдирган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг рўйхати шакллантирилди ҳамда уларнинг барчаси ўрнатилган тартибда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.

Айни кунларда 73 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Ҳаж сафарига бориш тараддудини кўрмоқдалар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2017 йил 1 майгача юртимиздаги 1615 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 2 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари топширилди.

14 нафар эҳтиёжманд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига янги замонавий уй-жойлар туфҳа этилди. Уруш фахрийлари истиқомат қиладиган 172 та уй-жой тўлиқ қайта таъмирланди.

Бундан ташқари, 346 нафар уруш фахрийларига 3 млрд. 894 млн. сўмлик ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, эҳтиёжманд уруш қатнашчиларига ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқтаёқ, дори-дармон воситалари ҳамда уй-рўзғор буюмлари етказиб берилди.

Изоҳ билдириш