12965

Вазир ўринбосари Акромхон Бобохонов генерал-майор Курсан Асанов билан учрашди

Жамият 14 июль 16:16 893

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида вазир ўринбосари полковник Акромхон Бобохонов Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари милиция генерал-майори Курсан Асанов билан учрашди. Бу ҳақида Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу ташриф Ўзбекистон ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотларни ўрганиш, ахборот-коммуникация технологияларини тизимга жорий этиш юзасидан тажриба алмашиш мақсадида меҳмонлар таклифига асосан ташкил этилди.

Учрашувда А.Бобохонов республика ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар, ахборот-коммуникация технологияларини тизимга жорий этилиши юзасидан меҳмонларга маълумот берди. К.Асанов ҳам ўз ўрнида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тизимларида ўтказилаётган ислоҳотлар ҳақида ўртоқлашди. Томонлар ушбу йўналишда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш доирасида фикр алмашдилар.

Суҳбат давомида К.Асановни маҳаллаларда ташкил этилган ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолияти қизиқтирди. Қирғизистон Республикаси делегацияси аъзолари Тошкент шаҳридаги ички ишлар бўлимлари ва таянч пунктларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Россия Федерацияси ички ишлар вазири полиция генерали В.Колокольцев ишчи ташриф билан Ўзбекистонда бўлган эди.

Изоҳ билдириш