11995

Аҳоли мурожаатларига беъэтибор бўлган навбатдаги ҳоким лавозимидан озод қилинди

Жамият 5 июль 14:37 756

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун лавозимидан айрилган ҳокимлар сони яна биттага ошди.

2014 йил сентябрь ойидан бери Хоразм вилояти, Шовот тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Ўтамуратов Тўлибой иш даври мобайнида туманда саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги тадбирларини амалга ошириш, кичик бизнесни қўллаб қувватлаш, маҳсулотларни экспорт қилиш масалаларида кўзга кўринган натижаларга эришмади.

Айниқса, Ўтамуратов аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган, чунки у кейинги вақтда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ўрнига уларни четлаб ўтишга ўрганган.

Масалан, Шовот туманида истиқомат қилувчи аҳолидан бугунги кунгача жами 2 731 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 933 таси Шовот тумани ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ. Ҳокимлик томонидан кўриб чиқилган ушбу мурожаатлардан атиги 35 таси ижобий ҳал қилинган. Қолган мурожаатларга умумий мазмундаги тушунтириш бериш билан чекланган.

2017 йил 8 июнь куни Президент девони Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбарлигида Шовот туманида республика вазирлик ва идоралар, вилоят мансабдор шахслари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилди ва туманнинг 50 нафардан ортиқ фуқароси билан бевосита очиқ мулоқот ўтказилди.

Қабул давомида Шовот тумани ҳокими мурожаатлардан тўлиқ хабардор эмаслиги, аҳолини қийнаб келаётган муаммоли масалаларни ичига кирмаганлиги ва уларни ҳис этмаганлиги маълум бўлди. Фуқаролар дардини эшитадиган, Ўзбекистон Республикаси Президенти қўяётган ва ҳозирги замон талабига жавоб берадиган, юқори ахлоқий ва маънавий фазилатларга эга раҳбар сифатида ўзини намоён эта олмади. Туман аҳолиси билан қўпол муомалада бўлганлиги ҳолати сайёр қабул давомида яққол кўринди.

Юқоридаги камчиликлари учун Шовот тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ўтамуратов Тўлибой жорий йилнинг 5 июл куни туман депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ўз лавозимидан озод этилди.

Изоҳ билдириш