11840

Алишер Саъдуллаев: асосийси — Президент ишончини оқлаш

Жамият 4 июль 12:11 456

Ўзбекистон тарихидаги энг ёш вазир ўринбосари, 22 яшар Алишер Саъдуллаев халқаро пресс-клуб йиғилиши доирасида ўзининг ушбу лавозимга тайинланишини изоҳлади ва яқин келажакдаги ва асосийси олдиндаги 100 кунлик фаолиятидаги режалари билан ўртоқлашди.

Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, у ишни мактабгача таълим масканларини ривожлантиришдан бошламоқчи. Ёш вазир ўринбосарининг айтишича, айнан ушбу муассаса бола тарбиясида жуда катта рол ўйнайди.

«Бугунги кунда 5 миллиондан ортиқ инсон тақдири Халқ таълими вазирлиги фаолиятига боғлиқ, шулардан 1 миллиони — бу мактаб ўқувчилари, қолганлари — болалар боғчаси тарбияланувчиларидир.Инсон дунёқараши айнан мактабгача таълим муассасаларида шаклланади, шу боис болалар боғчалари фаолиятида халқаро стандартларни жорий этишга эътибор қаратиш лозим. Бу узлуксиз тизим бўлиб, боланинг мактабдаги ўқиши муваффақиятли кечиши учун, у аввал бошданоқ боғчада яхши таълим олиши керак», — деб қайд этди Саъдуллаев.

Шу билан бирга, Саъдуллаевнинг фикрича, на мактабгача таълим, на мактабдаги таълим болага тўлақонли тарбия бера олмайди.

«Бу ерда ота-оналар билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим. Шу боис, келажакда халқаро стандартларни боғчаларда жорий қилиш учун ҳозирданоқ мактабгача таълим тизимини синчковлик билан ўрганишга киришаман», — деди у.

Ёш амалдорнинг сўзларига кўра, у учун ҳозирда энг муҳими — бу аввало, Ўзбекистон президенти ишончини оқлаш, чунки ҳозир у қўяётган йўл орқали, келажакда давлат фаровонлиги учун хизмат қиладиган ўнлаб ёш кадрлар ҳокимиятга кириб келиши мумкин.

Изоҳ билдириш