11409

Шавкат Мирзиёев: бу ерда ишлаётган тиббиёт ходимларини уй-жой билан таъминлаш керак

Жамият 29 июнь 14:25 458

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасини бориб кўрди. Бу ҳақида ахборот дастурида хабар берилди.

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси 1896 йилда қурилган. Шифохонада касалликлар тури, даволаш усуллари, беморлар ҳолатига ихтисослашган 18 бўлим ташкил этилган. Клиник-биокимё лабораторияси, рентген, УТТ, энцефалография, экспертиза хоналари зарур восита ва малакали мутахассислар билан таъминланган.

Президентимиз шифохона эски биноларини янгилаш борасидаги лойиҳалар билан танишди. Беморларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.

«Беморларга муносиб шароитлар яратиш керак. Шифохонанинг ташқи ва ички кўринишини тартибга келтириш, бу ерда ишлаётган тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш керак»,- деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги “Мурувват” уйида ҳам бўлиб, беморлар учун яратилган шароит билан танишди.

Интернат уйи 1979 йилда қурилган.

Бугунги кунда бино ва унинг конструктив элементларининг техник ҳолати таъмирталаб. Давлатимиз раҳбарига мазкур интернат ҳудудини кенгайтириш ва қўшимча бинолар қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Интернатда руҳий касал ногирон эркаклар даволанади.

Улуғ айём кунлари бундай савоб ишларни қилиш, беморлар ҳолидан хабар олиш ҳар биримизнинг эътиборимизда бўлмоғи зарур, деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз мазкур шифохона ҳудуди ёнида қўшимча қурилиш ишлари олиб бориш, касалликларнинг турига қараб алоҳида бинолар қуриш ва жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берди

Изоҳ билдириш