10252

GM Uzbekistan икки янги моделдаги автомобилни ишлаб чиқаришни бошлайди

Технология 18 июнь 22:03 790

GM Uzbekistan ҚК 2018-2021 йилларда енгил автомобилларнинг икки янги моделини ишлаб чиқаришни ўзлаштиради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни “Автомобиль саноатини 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорни имзолади.

Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастур соҳада амалга ошириладиган сармоявий лойиҳалар рўйхатини ўз ичига олади.

Қарорга кўра, GM Uzbekistan ҚК 2018-2020 йилларда янги енгил автомобилни серияли ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича биринчи лойиҳани амалга оширади. Лойиҳа қиймати 143,8 млн. долларга тенг, хорижий сармоялар ва кредитлар ҳажми эса 60,5 млн. долларни ташкил этади. Линия қуввати йилига 46 минг автомобиллар тенг.

Қиймати 130,8 млн. доллар бўлган иккинчи лойиҳа 2019-2021 йилларда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида йилига 43 мингта янги автомобилни чиқариш бўйича қувватлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, қарорда GM Uzbekistan ҚК айнан қандай янги моделларни ишлаб чиқариши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Изоҳ билдириш