6160

Ўзбекистон ва Хитой темир йўллари бирлашиши мумкин

Ўзбекистон 12 май 21:53 451

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи бошланди. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан музокаралар мобайнида савдо, сармоялар ва хавфсизлик соҳаларидаги масалалар муҳокама қилинади, деб хабар қилмоқда stanradar.com.

Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, «Ипак йўли иқтисодий камари» концепцияси доирасида «Бир камар, бир йўл» халқаро форумида ҳам иштирок этади. Экспертларнинг фикрича, яқин истиқболда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош йўналиши — Россия ва Хитой таъсирини пухта ўйлаб тақсимот қилиш ва Ғарб учун эшикларни очиқ сақлаш бўлади.

«Ўзбекистонга қўшни давлатлар бўлган Туркманистон ва Қозоғистонга, шунингдек, анъанавий ҳамкори ва иттифоқчиси — Россияга қилинган ташрифлардан сўнг президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи бўй кўрсатган ташқи сиёсий фаоллигининг биринчи босқичини якунлаб беради. Хитойга ташрифи билан Ўзбекистон раҳбари мамлакат раҳбариятининг ташқи сиёсат стратегияси мерос бўлиб қолганлиги, айниқса, Марказий Осиё минтақасидаги қўшнилар ҳамда Россия ва Хитой каби давлатлар билан ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларни бажаришга қодирлиги ва тайёрлигини тасдиқлаб бермоқда», — дейди ўзбекистонлик эксперт, тарих фанлари доктори Рафиқ Сайфуллин «НГ» нашрига.

Мирзиёевнинг Пекинга ташрифи Россиядагидек (инвестициялар ҳажми бўйича — 15,8 млрд. доллар) муваффақиятли бўладими-йўқми, буни ташрифнинг якуни кўрсатади. Шуниси маълумки, имзоланиш учун йигирмадан ортиқ ҳужжатлар тайёрланган, уларнинг орасида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тижорий шартномалар ҳам бор.

Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистоннинг энг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири ва энг йирик инвесторига айланди. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,2 млрд. долларга етган. Хитой бозорида ўзбек текстили, пластмасса буюмлари, аграр соҳа маҳсулотларига талаб катта, уларнинг экспорти барқарор ошиб бормоқда. Ўзбекистон ҳудудида Хитой капитали иштирокида 700 дан ортиқ компания ва корхоналар ишламоқда. «Жаҳон» ахборот агентлигининг хабарига кўра, хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига 7,8 млрд. доллар маблағ киритишган.

«Хитой инвестицияларининг ҳажмини Мирзиёевнинг Москвага ташрифи давомида қўлга киритилган натижаларга солиштирса бўладими-йўқми, бу аҳамиятли эмас. Муҳими — Хитой ўзининг «Ипак йўли иқтисодий камари» доирасидаги кўпрежали ва узоқ муддатли стратегиясида Ўрта ва Яқин Шарқ йўналиши учун Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг асосий ва муҳим давлати эканлигини жуда яхши англайди. Ўзбекистон учун Хитой тобора энг етакчи осиёлик ҳамкорга айланмоқда ва ўзаро муносабатларда манфаатлар тобора икки томонлама характерга бўлмоқда», — дея таъкидлайди Сайфуллин.

Ўтаётган ташриф мобайнида Ўзбекистоннинг манфаатлари ҳам жуда тушунарли.

Тошкент Хитой билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантирмоқда ва бундай ҳамкорликнинг барча устунликларидан транспорт инфратузилмасини — усиз «Ипак йўли иқтисодий камари» доирасидаги жамики дастурлар фақат яхши ниятлигича қолиб кетади, албатта — ривожлантириш учунгина максимал даражада фойдаланишга тиришмаяпти. Ўзбекистон «Ипак йўли иқтисодий камари» концепциясини амалга оширишда ўзининг шубҳасиз иштироки ва қўллаб-қувватлашини миллий иқтисодиётнинг реал секторларини ривожлаштиришда янги лойиҳалар учун кенг имкониятлар сифатида қарши олмоқда.

«Ўзбекистон раҳбарияти — аввалгиси ҳам, ҳозиргиси ҳам, прагматизми билан ажралиб туради. Тошкентда замонавий дунёда иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш масалаларида стратегик муҳим миқёсда иш беришга қодир фақат икки марказ — Москва ва Пекин қолганини аллақачон тушуниб етишган.

Ғарб давлатлари Ўзбекистон учун ҳеч қачон глобал инвестор бўла олмаслиги аллақачон тушунарли бўлиб улгурган, улар моҳиятан мамлакат равнақига хизмат қилмайди. Боз устига, Ўзбекистонда иқтисодиёт характери ва инвестиция киритилишига талаб шундайки, тезда фойда кўриш ваъда қилинмайди. Бошқа давлатлар амалиёти кўрсатиб турибдики, араб шайхлари (ва Япония, Жанубий Корея ҳамда бошқа молиявий жиҳатдан таъминланган марказлар ҳам) бу масалада анча вазмин ва эҳтиёткор.

Ўзбекистон ўзининг ташқи иқтисодий алоқаларини мудом диверсификация қилишга интилади, бироқ катта лойиҳалар учун «катта» сармоядорлар ҳам керак. Ундайлари ҳозирча иккита, боз устига Москва ҳам, Пекин ҳам ўзларининг шахсий хавфсизлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистондаги барқарорликдан манфаатдор», — деди Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ бўйича эксперт Александр Князев «НГ» нашрига.

Буларнинг барисини ҳисобга олиб, хавфсизлик масалалари (хусусан афғон йўналишида) Мирзиёевнинг Си Цзиньпин билан музокаралари мобайнида бош мавзулардан бири бўлишини тахмин қилиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам, Хитойда ҳам Марказий Осиё минтақасидаги барқарорликка таҳдидни тўғри қабул қилишади, чунки хавфсизлик таъминланмас экан, иқтисодиётдаги кўплаб лойиҳалар муаллақ қолиб кетади.

Ўзбекистон биргина Хитойнинг инвестицион ресурсларидан эмас, Хитой етакчи рол ўйнаётган ташкилотлардаги сармоявий дастаклардан ҳам фойдаланмоқчи. Уларнинг орасида Осиё инфратузилмавий сармоялар банки (активлари ҳажми 100 млрд. доллар) ва Ипак йўли Фонди (40 млрд. доллар) бор.

Тошкент имтиёзли инвестицияларни жалб қилиш ва ўз иқтисодиётининг асосий соҳаларини — улар орасида устувор транспорт соҳаси ҳам бор — ривожлантириш учун янги кредит йўналишлари очилишида Хитой томонининг қўллашини кутмоқда. Тошкент ва Пекин ўз темир йўлларини Қирғизистон орқали бирлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Бунинг учун икки чегара яқинида логистика марказлари очилади. Аввал автомобиль транспортлари учун, келажакда — темир йўл транспорти учун хизмат кўрсатадиган.

Бугунги кунда Хитойдан Европага маҳсулот ташиш «Навоий» аэропорти базасидаги халқаро интермодал ҳаби имкониятларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси раиси ўринбосари Содиқ Сафоев таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятдан фойдаланиш — унинг валюта тушумларидаги асосий манба бўлибгина қолмай, мамлакатни Евроосиё транспорт ҳабига айлантиради. Бу нафақат мамлакатдаги иқтисодий ўсишни таъминлайди, балки Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги геосиёсий жойлашувини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш