35933

Россия элчиси Ўзбекистоннинг коинотни забт этишга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этди

Ўзбекистон 13 апрель 8:47 172

Бундан 57 йил муқаддам — 1961 йил 12 апрелда инсон илк бор коинотга парвоз қилди. Шу туфайли 12 апрель халқаро авиация ва космонавтика куни сифатида кенг нишонланади. Тошкентда ҳам ушбу санага бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, дея хабар беради Sputnik.

Тадбир Чилонзор туманидаги Юрий Гагарин ҳайкали жойлашган ҳудудда соат 10:00 да бошланиши керак эди. Аммо қуёшли об-ҳаво туфайли ҳайкал атрофи эрталабдан одамлар билан гавжум бўлди.

Тадбирда Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев сўзга чиқди. У ўзбекистонликларнинг коинотни ўзлаштиришга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб ўтди.

«Солижон Шарипов 201 кунни коинотда ўтказган ва икки марта очиқ фазога чиққан. Шунингдек, Владимир Жонибеков — энг малакали фазогир-учувчи, 5 марта космик экипажга раҳбарлик қилган», — деди у.

Дипломат Ўзбекистоннинг коинотни забт этишда қўшган ҳиссаси бу билан чегараланмаслигини таъкидлади.

«Ўзбекистон ракеталарни учиришда, луноходни яратишда ёрдам кўрсатган. Республика коинотни забт этишга йўл очган бошқа нарсаларни яратишда ҳам катта кўмак берган», — деди дипломат.

Тюрденевга кўра, ҳозирда Ўзбекистон ва Россиянинг бу соҳада ҳамкорликдаги йўналишларидан бири Сўфа халқаро радиоастрологик лабораториясини ташкил этиш ҳисобланади.

«Ишончим комилки, ушбу лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилади ва инсоният томонидан космосни забт этишга муҳим ҳисса қўшган лойиҳа бўлиб қолади», деди Россия элчиси.

Изоҳ билдириш