35621

Ёшлар масаласига лоқайдлик бу-жиноят билан баробар

Ўзбекистон 9 апрель 15:51 308

Очиғи, мен Қаҳрамон Қўчқорович суҳбатлашишга рози бўлар деб унчалик ишонмагандим. Аммо Президентнинг Давлат маслаҳатчиси интервью бериш илтимосимни эшитибоқ, ўзининг тиғиз кун тартибига иккиланмасдан ўзгартириш киритиб, розилик бериши мени қойил қолдирди. Суҳбат давомида Қаҳрамон Қучқоровичнинг самимийлиги, очиқлиги мени ром этди. Энг муҳими, ижтимоий тармоқлардаги, турли интернет сайтларидаги деярли барча мақолалардан хабардорлиги боис айримлари ҳақида баҳслашдик ҳам.

Ёшлар Иттифоқидаги барча ўз етакчисидай фикрласа, ишласа самара янада кўпроқ бўлишига амин бўлдим. Сизларга қуйида Президентнинг ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси билан бўлган интервюни тақдим қиламиз.
-Қаҳрамон Қўчқорович, авваламбор Хоразмга хуш келибсиз деймиз! Ушбу ташриф мақсадлари ва дастлабки натижалари билан қисқача таништириб ўтсангиз?
Хоразмга ташриф буюрган ишчи гуруҳимизнинг асосий мақсади асосий мақсади жойлардаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий аҳволни, ёшларнинг кайфияти, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳам муҳими ушбу муаммоларни ечимини топишга қаратилган. Таъкидлаш лозим, аҳолининг 64 фоизини 30 ёшга тўлмаган ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, ишчи гуруҳимиз томонидан ўрганилаётган муаммолар аҳолининг барча қатламларини қамраб оламоқди. Ишчи гуруҳларимиз томонидан 12000 хонаданга уйма-уй кириш натижасида 4225 муаммо аниқланди. Аниқланган муаммоларнинг 73 фоизи, аниқроқ айтадиган бўлсак 3092 таси шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Бу нима дегани жойлардаги сектор ходимлари хонадонма-хонадон юришдан мақсад аҳолининг муаммоларни ечимини топишдан иборат эканлигини эсдан чиқарганидан далолат эмасми? Шу боисдан айрим мутасаддиларга Президентимизнинг “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.” деган гапларини унутмаслигини маслаҳат берардим.
Қаҳрамон Қўчқорович сизга юртбошимиз, республикамиз ёшлари томонидан катта ишонч билдирилиб, мазмун ва моҳият жиҳатидан бутунлай янги ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилиш топширилди. Ўтган тўққиз ой давомида ўз фаолиятингиздан, ёшлар иттифоқи фаолиятидан қониқиш ҳосил қилдингизми?
-Мана шу лавозимда фаолиятимни бошлаган кунларимданоқ билан мен фидойи, кўзларида ўт чақнаб турган ёшларга ишонганман. Бундай ёшлар ҳеч муболағасиз тоғни талқон қилишга қодир. Ёшлар иттифоқи фаолияти давомида айнан шундай ёшларга таянади. Улар бошқа тенгдошларига таъсир қилиб, уларни ўз сафига қўшади. Бугунгача ташкилотимиз 13 миллион ёшларни бирлаштирди. Аммо ҳали барча ёшларимизни қамраб олишга эришганимиз йўқ. Ёшлар иттифоқининг пировард мақсади эса биронта ҳам ёшни назардан четда қолдирмаслик. “Ёшлар –келажагимиз” деган шиор шунчаки гап эмас. Бу оддий ҳақиқат ва ҳаёт қонуни. Шу боисдан гап ёшларимиз таълим ва тарбияси ҳақида гап кетганда ҳаммамиз бир оила бўлиб, қўлни қўлган бериб биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим. Қўлни қўлга берганимизда биронта тирқиш ҳам қолмаслиги керак, токи ёвуз ниятли, ғараз мақсадли кимсаларнинг турли ташвиқотлари оқибатида фарзандларимизни турли зарарли оқимларга, жиноят кўчасига киришидан сақлашимиз зарур. Бу бизнинг бурчимиз! Ёшларимиз тақдири масаласи учун фақат ёшлар итттифоқигина эмас, маҳаллалардан тортиб, ҳокимларгача, Мактабгача таълим муассаларидан бошлаб олий ўқув юртларигача, оддий тадбиркордан бошлаб катта корпарацияларга жавобгарлигини , маъсулиятини сезиши лозим. Шундагина ёшлар масаласига оид тизим самарали ишлайди. Бизнинг барча саъйи ҳаракатларимиз шунга қаратилган. Саволингизни иккинчи қисмига келсак, ҳар қандай ишда комилликка интилиш зарур. Эришган натижаларингиздан қониқиб, уларга маҳлиё бўлиб қолсангиз тўхтаб қоласиз. Тинмай ишлаш ва изланиш муваффақиятга элтувчи ягона йўлдир.
-Ёшлар иттифоқи фаолияти оммовий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда турли танқидларга дучор бўлмоқда, бунга муносабатингиз қандай?
-Танқидга муносабатим ижобий. Халқимизда “мевали дарахтга тош отилади” деган гап бор. Шу боисдан ташкилотимиз фаолияти ҳақидаги ҳар қандай фикр, ҳоҳ ижобий бўлсин ҳоҳ салбий бўлсин, бизни хурсанд қилади. Негаки, бу жамиятимизнинг ёшлар ташкилотига, ёшларимизнинг муаммо ва ютуқларига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Биз танқидга қарши эмасмиз, агар танқид конструктив бўлса, ҳамиша диалог учун очиқмиз. Биз фаолиятимизда хато ва камчиликлардан холи деган фикрдан йироқмиз. Иш бор жойда хато ва камчиликлар бўлиши табиий, аммо биз узлуксиз равишда уларни бартараф этиш устида ишлаяпмиз ва изланяпмиз. Танқид қилиш осон, бирор муаммони кўтаргандан кейин уни таҳлил қилиб, масалани ечими хусусида таклиф ва мулаҳазалар билдириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Фурсатдан фойдаланиб, мен ёшларимизни, журналистларимизни ва кенг жамоатчиликни умуммақсад йўлида бирлашишга, ҳамкорликка чорлайман. Ёшлар иттифоқининг қуйи бўғими бўлган бошланғич тошкилотларининг етакчиларидан тортиб, ва шахсан ўзимгача ҳар қандай талаб таклифлар, танқидий-таҳлилий мулоҳазаларни тинглаш ўрганиш учун тайёрмиз. Эшикларимиз барча учун очиқ. Шахсан ўзим ҳам доимо ижтимоий тармоқларда, турли оммовий ахборат воситаларида ёшлар иттифоқи хусусидаги билдирилаётган ҳар бир фикр-мулоҳаза билан танишиб бораман, таҳлил қиламан. (кулиб ) Шу жумладан сизни ҳам ижтимоий тармоқлардаги, оммовий ахборат воситаларидаги, жумладан “Хоразм ёшлари” газетасидаги танқидийтаҳлилий мақолаларингизни кузатиб бораман.


-Қаҳрамон Қўчқорович, бизнинг назаримизда ёшлар ташкилоти фаолияти фақат ўқув муассалари билан чекланиб қолгандек. Буни қандай изоҳлайсиз?
Таълим муассаларидаги ёшлар билан чекланиб қолганлиги тўғрисидага фикрингизга қўшилмайман! Бироқ, республикамиз аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшга тўлмаганлар ташкил қилаётганини инобатга олсак, таълим масканларидадаги бошланғич ташкилотларининг фаолияти устивор йўналишлардан бири ва алоҳида эътиборга эга бўлиши табиий деб ҳисоблайман. Чунки ўсиб келаётган ушбу авлодни Ватанга садоқатли, миллий анъаналаримизга ва қадриятларимизга содиқ, ўқишга изланишга одатланган, мустақил фикрлашга қодир, ўз ҳақ ҳуқуқларини, мажбуриятларини англаган қилиб тарбиялашга эришсак, улар албатта ҳаётда ўз ўрнини топа оладилар. Шундагина юртимизнинг равнақи учун хизмат қиладиган бўладилар. Ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланиб бўлмаган болалар ва ўсмирларни эътиборсиз қолдиришни жиноят деб ҳисоблайман. Шу сабабдан ҳам ўқувчи ёшларни ҳар бирини қалбига кириб боришни, уларнинг ҳар бирини дардига ва қувончига шерик бўлишни ёшлар етакчиларидан талаб этилади. Етакчи ёшларнинг энг ишонган одамига , дўстига, маслакдошига айланиши, уларнинг ишончига сазовор бўлиши шарт ва зарур. Лекин бу дегани бизнинг фаолиятимиз фақат ўқув муассалари билан чекланиб қолди дегани эмас. Бугунги кунда барча давлат идора ташкилотларида, ишлаб чиқариш корхоналарида ёшлар ташкилотининг бошланғич ташкилотлари ташкил қилинган. Уларнинг катта кўпчилиги ёшларимизнинг муаммоларини ҳал қилишда, манфааатлари ҳимоя қилишда, ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида катта амалий ишлар қилаётганлигини асло инкор қилиб бўлмайди. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидай, айрим ҳолатларда корхона, ташкилот ва идораларнинг раҳбарларини ёшлар масаласига лоқайдлиги туфайли, айрим ҳолатларда бошланғич ташкилот етакчисининг уқувсизлиги сабаб иш фаолияти самарасиз ташкил қилинган бошланғич ташкилотлар борлигини инкор қилмайман. Ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб айтишим мумкин, Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг ижроси, ёшлар иттифоқи етакчиларининг, “Камалак” сардорларининг фаолияти мени тўлиқ қониқтирмади. Шу сабабдан зудлик билан тегишли мутасаддилар ва Хоразм вилоят Кенгаши билан биргаликда аниқ чора тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди. Етакчилар ва сардорларнинг малака ва кўникмаларини ошириш учун семинарлар ва тренинглар ташкил этилди. Ўйланманки тез орада аҳвол ўнгланади.

-Қаҳрамон Қўчқорович, кейинги пайтларда ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, ва ёшлар ўртасида китоб мутаоласига қизиқишни кучайтириш мақсадида жуда катта амалий ишлар қилинди. Бу борада олдинга катта силжиш бўлганлигига жойларда бўлганимизда гувоҳ бўляпмиз. Аммо ёшлар матбуотига бўлган муносабат алоҳида эътиборга муҳтождек. Негаки биз жойларда бўлганимизда таълим муассаларидаги кутубхоналар деярли ёшлар матбуоти билан таъминланмаган. Ёшлар иттифоқи маассислигида нашр қилинаётган босма оммовий ахборот воситаларига обуна бўлиш фақат ёшлар етакчисига керакдай тассурот қолдирди. Энг ачинарлиси бу нашрларга обуна масаласига ёшлар кўпчиликни ташкил қилувчи корхона ва ташкилотлардаги эътиборсизлик сабаб биронта ҳам ёшлар нашрига обуна йўқлиги ачинарли ҳолатга сизнинг муносабатингизни билишни истар эдик.
-Дарҳақиқат биргина “ёш китобхонлар” танловининг ўзигина миллионлаган ёшларимизни қўлига китоб олишга ундади. Ёшлар матбуоти масаласига келсак, бу борада ҳам, ўзгаришлар катталигини биргина “Ёшлар овози” газетасининг адади ўтган йилдагидан қарийб беш марта ошиб 50 мингдан ортиқ нусхада нашр қилинаётганлигини яққол кўрсатади. Аммо Хоразм вилояти кесимида ёшлар матбуотига оид мунасабат масаласида фикрингизга қўшиламан. “Хоразм ёшлари” газетасига ўз саҳифаларида бу масалани кўратиб чиққанидан мамнунман. Бизнинг бу ёшлар матбуотига эътибор масалада ҳам Хоразмдаги мутасаддиларга анча саволларимиз йиғилиб қолган. Балким ҳалигача кимларнингдир наздида “ёшлар матбуоти фақат етакчилар учун” деган фикр бордир. Бундай раҳбарлар матбуот ёшларимизнинг маънавияти билан боғлиқ масала эканлигини, унутиб қўйган шекилли. Тўғри кимлардир, ҳозирги интернет асрида босма шаклдаги оммовий ахборот воситаларига эҳтиёж йўқ деб ўйлаши мумкин. Аммо бу нотўғри тасаввур. Босма нашрларни ўқиш китобхонлик маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришда, ёшларимизнинг дунёқарашини шаклланишига муҳим аҳамиятга эга омиллардан бири бўлиб қолаверади. Шунинг учун бу масалани кенг кўламда батафсил ўрганиб чиқиб, бу борада мутасаддилар билан биргаликда тегишли хулосалар қилишимиз лозим.
-Ёшларни тадбиркорлик жалб қилиниши бўйича Хоразмдаги аҳволни қандай баҳолайсиз?
-Беш балли баҳо тизимида “уч” қўйган бўлардим. Тан олиш керак, бу борада муайян ишлар амалга оширилган. Лекин етарли даражада эмас. Хоразмлик ёшларнинг энг катта муаммоларидан бири бу бандлик масаласи. Бу нафақат иқтисодий , ўта муҳим ижтимоий муаммолардан бири. Кейинги кунларда вилоятнинг турли жойларида ўтказилган сайёр “бўш иш ўринлар ярмаркалари” жараёнида 3275 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди ва уларга меҳнат дафтарчалари топширилди. Демак изласак ва истасак имкон топилади. Оддийгина томорқалардан самарали фойдаланишни тўғри йўлга қўйишнинг ўзи орқали яхшигина даромод топиш мумкинлигига жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Бунинг учун маҳаллий раҳбарлар бу соҳага мунасабатини тубдан ўзгартириши керак. Бундан ташқари тадбиркорлик соҳасида айниқса ёшларга кенг йўл бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш лозим. Тўғри уларда тажриба камдир, аммо уларда шижоат бор, интилиш бор, журъат бор. Ёшлар иттифоқи ёш тадбиркорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишларни бошлаб юборди. Қўшкўпир туманидаги Оқдарбанд қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Ёшлар маркази” иш фаолиятини бошлайди. Бу марказда 7 йўналишдаги бупул тўгараклар ва вилоятда биринчи бўлиб ёшлар тадбиркорлик кластери ташкил қилинади. Ёшлар иттифоқи бугунгача бу кластер учун 50 дона тикув машинаси етказиб берди, яқин кунларда яна 50 тикув машиналари етказиб берилади. “Ёшлар тадбиркорлик кластерларини” ташкил этиш билан боғлиқ ишлар бошқа туманларда бошлаб юборилди. Ҳадемай бунинг аниқ натижаларини кўрасиз.
-Ёшларимизга тилакларингиз.
-Ёшларимизни шижоат тарк этмасин. Давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзлар дунёнинг ҳеч қаерида йўқ. Ёшларимиз булардан унумли фойдаланишларини истар эдим. Доимо ўз устида ишлашларини, билим ва кўникмаларини оширишлари учун тинмай изланишлари, интилишларини тилайман. Зеро “интилганга толе ёр” деб бежиз айтилмаган. Ташкилотимиздаги етакчи ва сардорларимизга бир лаҳзага ҳам ўзларига юклатилган маъсулиятни унутмасдан, билдирилган ишончни оқлашлари учун куч-қувват тилайман. Ёшлар иттифоқида ишлаш бу катта шараф бўлиш билан бирга Ватанимиз олдида ёшларимизнинг келажаги учун пировардда эса Юртимизнинг эртанги куни учун маъсул эканлигимизни унутмайлик!


-Қаҳрамон Қўчқорович сизга биз қадрли вақтингизни аямай суҳбатлашишга вақт ажратганингиз учун ташаккурлар билдирамиз ва кейинги фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз!
Давлатназар Рўзметов

Изоҳ билдириш