Уй-жой олди-сотдисида коммунал хизматлардан қарз йўқлиги ҳақида фуқароларнинг маълумот олиши босқичма-босқич тўхтатилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
«Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 27 февралдаги 106-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга кўра, кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлашда давлат нотариал идораси идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали:
— 2019 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) электр ва газ таъминоти;
— 2021 йил 1 январдан бошлаб иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотларни мустақил олади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги нотариуслар кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлашда нотариуслар қуйидаги маълумотларни фуқаролардан эмас, балки мустақил равишда электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда текшириши лозим:
— бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги;
— солиқ тўловчининг идентификация рақамини;
— доимий пропискага эга шахслар ёки вақтинчалик ҳисобда турувчи (вақтинча прописка қилинган) шахсларнинг паспортига оид маълумотларни.
Тошкент шаҳрида эса 2017 йил 1 июлдан бошлаб, кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлашда талаб этиладиган ҳужжатларни (паспорт ва кадастр йиғма жилдидан ташқари) нотариуслар мустақил равишда электрон ҳамкорлик орқали текшириши шарт.