35593

ТИВ тузилмаси ўзгарди, идора янгича ишлай бошлайди

Ўзбекистон 9 апрель 12:10 154

Президентнинг 5.04.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

ТИВ тизимидаги ислоҳотлар

Давлатимиз раҳбари ТИВ тизимидаги асосий муаммолар ва уни ислоҳ қилишдаги энг муҳим йўналишларни белгилаб берди. Ушбу босқичда ТИВ таркибида айрим ислоҳотларни ўтказишга қарор қилинди (қуйидаги жадвалга қаранг).

Бундан ташқари, «Истеъдод» жамғармаси Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилди ҳамда мамлакатимиз ТИВга бўйсундирилди. Ўзбекистон дипломатик ва консуллик муассасаларини ривожлантириш Республика жамғармаси негизида эса Дипломатик хизмат органларини ривожлантириш жамғармаси тузилди.

Дипломатик ваколатхона раҳбарига нисбатан талаблар белгиланди

Дипломатик ваколатхона раҳбари ўзи ишлаб турган давлатда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўлни самарали давом эттириш, мамлакат манфаатларини, шунингдек, юртимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришни таъминлайдиган Ўзбекистоннинг олий расмий вакили ҳисобланади.

Мазкур лавозимга олий маълумотга эга бўлган, давлат ва чет тилларини яхши биладиган, тегишли ишбилармонлик, маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган, шунингдек, тарих, маданият соҳаларини, миллий анъаналар ва урф-одатларни, Ўзбекистон Республикасидаги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини чуқур биладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланиши мумкин.

Ўзлари ишлаб турган мамлакатдаги дипломатик ходимлар ва давлат органлари расмий вакиллари идоравий мансублиги ва ҳисобдорлигидан қатъий назар, дипломатик ваколатхонанинг раҳбарига сўзсиз бўйсунади ва зиммасидаги вазифаларни бажаришда ўз фаолиятини у билан мувофиқлаштиради.

Ташқи сиёсий идора амалиётидаги янгиликлар

Биринчидан, Президент томонидан тасдиқланадиган асосий хорижий шериклар билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доимий асосда ишлаб чиқилади.

Иккинчидан, хорижий мамлакатлар билан фаол ва тизимли ишлаш бўйича Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари йиллик «йўл хариталари»ни ишлаб чиқадилар ва қабул қиладилар. Бунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ривожлантириш, инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш, туристлар оқимини кенгайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Учинчидан, «тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари – Ташқи ишлар вазирлиги – хориждаги муассаса – Ташқи ишлар вазирлиги, тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари» принципи асосида идоралараро кадрлар ротацияси жорий этилади.

Тўртинчидан, ташқи ишлар вазири хорижий муассасалар раҳбарларининг ўзи ишлаб турган давлат ва халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилиш бўйича зиммасидаги вазифаларни ва тасдиқланган «йўл хариталари»ни амалга ошириш жараёни тўғрисидаги шахсий ҳисоботларини эшитиб боради. Кейин эса эришилган натижалар ва мавжуд камчиликлар тўғрисида давлатимиз раҳбарига маълумот беради.

Норма яратиш ишидаги режалар

Фармон билан «Дипломатик хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги (янги таҳрири) қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Октябрь ойига келиб юртимиз ва хорижий шериклар ўртасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ўрта ва узоқ муддатли манфаатларига асосланган икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Ташки сиёсий концепцияси (янги таҳрири) лойиҳаси киритилиши зарур.

Яқин орада Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутган ҳолда киритилади:

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда таълим сифатини ошириш, шунингдек, мамлакатнинг замонавий ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Университет фаолиятининг долзарб вазифалари ва йўналишларини қайта кўриб чиқиш;
манфаатдор идораларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалиётда талаб қилинадиган мутахассисларнинг аниқ мақсадни кўзлаб тайёрланишини таъминлаш, шунингдек, улар орасидан дипломатик кадрларнинг истиқболли захирасини шакллантириш мақсадида бакалавриатда ўқиш муддатини ва бакалавриатга қабул қилиш квоталарини камайтириш;
«Халқаро иқтисодиёт ва менежмент» ҳамда «Халқаро журналистика» мутахассисликлари бўйича бакалаврлар тайёрлашнинг янги йўналишларини жорий қилиш;
Университетда хорижий мамлакатлар делегацияларига хизмат кўрсатиш ва расмий тадбирлар ўтказишни юқори ташкилий даражада таъминлайдиган профессионал таржимон ва гидларни тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини прогноз баҳолаш билан фундаментал илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини тизимли таҳлил қилишда Университетнинг ролини кучайтириш.

Ходимларни ижтимоий жиҳатдан таъминлаш – устувор вазифа

Ишлаб турилган мамлакатда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазиятни, товарлар, ишлар (хизматлар) қиймати индексациясини, шунингдек, валюта курсининг ўзгарувчанлигини ўрганиш асосида хориждаги муассасалар ходимларининг иш ҳақлари оширилади. Хориждаги муассасаларга узоқ муддатли хизмат сафарига юборилган ходимларнинг лавозим маошлари миқдорларини 5 йилда камида 1 марта қайта кўриб чиқилади.

Пойтахт ҳудудида ер участкалари ажратилиб, Ўзбекистон элчилари учун уй-жойлар ва ТИВнинг дипломатик ходимлари учун тўртта кўп квартирали уй қурилади, улар 2019 йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилади.

Ипотека-банк, Асака-банк ва Ўзсаноатқурилишбанк элчилар ва ТИВ дипломатик ходимлари уй-жой ҳамда кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиши учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратади. Бунда 22.11.2016 йилдаги ПҚ–2660-сон ва 23.10.2017 йилдаги ПҚ–3350-сон қарорларда назарда тутилган шартлар шартлар амал қилади.

Изоҳ билдириш