35583

Тошкентга “Муқаддас олов” олиб келинди

Ўзбекистон 9 апрель 11:43 214

Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбариятининг ташаббуси билан Қуддус шаҳри (Исроил) га зиёрат ҳамда Пасха диний байрамининг ўтказилиши учун муҳим бўлган “Муқаддас олов”нинг тўғридан-тўғри Ўзбекистонга олиб келинишини ташкил этиш мақсадида 130 нафарлик зиёратчилар гуруҳи шакллантирилди.

Тошкент ва Ўзбекистон епархияси мурожаатига асосан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан 2018 йил 6-7 апрель кунларига мўлжалланган Тошкент – Тель-Авив – Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланувчи чартер рейс амалга оширилди. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.

6 апрель куни Тель-Авив шаҳрига етиб келган зиёратчилар аэропортда Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги элчихонаси масъуллари томонидан кутиб олинди ҳамда уларнинг ёрдамида ҳеч бир қийинчиликларсиз мамлакатга киришга муваффақ бўлинди.

Иерусалим шаҳридаги Рус диний миссияси ёрдамида зиёратчиларнинг автобусларда Қуддус шаҳрига етиб келиши таъминланиб, аввал ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ муқаддас жойларнинг зиёрати ҳамда диний маросимларда иштирок этишлик бошлаб юборилди.

7 апрель куни Тошкент ва Ўзбекистон епархияси митрополити Викентий раҳбарлигидаги беш кишидан иборат гуруҳ “Муқаддас олов”нинг олиниши ва тарқатилишида иштирок этиш учун рамзий равишда Исо Масиҳнинг хилхонаси деб аталадиган ибодатхонага жўнаб кетди, қолган зиёратчилар эса Қуддус ва Вифлеем шаҳарлари ҳамда Иордан дарёсидаги диний масканларни зиёрат қилишда давом этдилар.

“Муқаддас олов”нинг пайдо бўлиши ва жаҳоннинг турли бурчакларидан келган зиёратчилар делегацияларига тарқатилиши тугаши билан зиёратчилар митрополит Викентий бошчилигида Тель-Авив шаҳар аэропортига йўл олдилар ҳамда элчихона масъуллари ёрдамида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётига чиқишга муваффақ бўлдилар.

Ўзбекистон томонга учиш давомида митрополит Викентий зиёратчиларга “Муқаддас олов”нинг пайдо бўлиши, унинг православ динига эътиқод қилувчилар учун нақадар муҳимлиги ҳақида гапириб, мана шунга ўхшаш зиёратларнинг ташкил этилиши ва умуман диндорларга нисбатан бўлган диққат-эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорчилик изҳор этди. Ҳукуматнинг ёрдами билан 2012 йилдан эътиборан ташкил этилаётган зиёратлар давомида Исроилдаги муқаддас қадамжоларга минг нафарга яқин фуқаронинг бориб келиши таъминланди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан республиканинг тегишли мутасадди ташкилотларига зиёратнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши борасида тегишли кўрсатмаларнинг берилиши зиёратнинг тўла-тўкис ва енгил ўтишига имконият яратганлиги алоҳида қайд этилди.

Изоҳ билдириш