35331

Бўш турган давлат спорт объектлари «хусусий шахслар»га берилади

Ўзбекистон 5 апрель 16:34 299

Бўш турган давлат спорт объектлари «хусусий шахслар»га берилади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 28.03.2018 йилдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадбиркорликни ҳамда хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 248-сон қарорида назарда тутилган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, шу жумладан бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган иншоотлари, шунингдек, сузиш ҳавзалари базасида жисмоний тарбия-спорт ҳамда соғломлаштириш хизматлари давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида кўрсатила бошлайди. Ҳужжатдан келиб чиқишича, бу қуйидагича амалга оширилади:

а) ДХШ асосида ташкил этилган субъектларга ижара тўлови бўйича имтиёзлар берган ҳолда бундай объектларни ижарага бериш йўли билан;

б) давлат мулки бўлган ва фойдаланилмаётган бинолар, объектлар ҳамда иншоотларни соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга сотиш йўли билан.

Хусусан, у ерда пуллик спорт тўгараклари, секциялари очилади ва бошқа спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилади. Бу пуллик соғломлаштириш хизматлари бозорини ривожлантириш, одамларга уларни муқобил тарзда олиш имконини беради.

Спорт иншоотларида аҳолига соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш тартиби 2 ой муддатда алоҳида низомда акс эттирилади. Бироқ 16 ёшгача бўлган болалар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига имтиёзли шартлар асосида ёки бепул хизматлар кўрсатилиши ҳозирдан маълум.

Изоҳ билдириш