35214

Халқ розилиги – юрт бойлиги

Ўзбекистон 4 апрель 16:55 200

Давлатимиз раҳбарининг парламент палаталарига билдирган таклифига асосан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан таркиб топган ишчи гуруҳ жойларда аҳоли билан жонли мулоқотлар қилиб, фуқароларни яшаш шароити билан яқиндан танишмоқдалар. Уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини якдиллик билан амалга оширмоқдалар ҳамда олдинги сафар мулоқотлар давомида аниқланган айрим муаммо ва камчиликларни ҳал этилганлиги бўйича назорат таҳлил фаолиятини олиб бормоқдалар.

Ишчи гуруҳнинг бу галги учрашув ва мулоқотлари Хоразм вилоятининг Урганч туманида қизғин кечмоқда. Ишчи гуруҳ аъзоларининг Қишлоқ-хўжалик касб-ҳунар коллежида “Бекобод” қишлоқ аҳолиси билан ташкил этилган очиқ мулоқоти  қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилди.

Хусусан, қишлоқдаги “Оқ ёп” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар “Бекобод” қишлоқ врачлик пункитининг фаолияти талаб доирасида эмаслиги, беморлар, айниқса ёш болаларни эмлаш учун қўшни “Охунбобоев” қишлоғига бориш келишда муаммоларга дуч келаётгани, ундан кўра туман марказига бориш қулайроқ эканини баён этишди. Ачинарлиси, бир неча йиллар мабойнида қишлоқ аҳолисига хизмат қилиб келаётган “Стоматология”ни ҳам туман марказига кўчиришгани фуқаролар учун қийинчилик туғдираётгани тўғрисида эътироз билдиришди. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев бу масала бўйича тегишли ташкилот раҳбарлари билан суҳбатлашиб тез кунда жавоб беришни билдиришди.

Шунингдек, “Оқ ёп” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баходир Рўзметов “Бекобод” қишлоғидан Урганч, Хива йўлига чиқувчи 4 км йўлнинг яроқсизлигидан аҳоли азият чекаётганини, ёғингарчилик пайтлари йўлнинг сирпанчиқлиги, кучли шамол пайтларида чанг-тўзондан кўз очиб-юмушга фурсат бўлмаслигини куйиниб гапирди. М.Қурбонбоев бу муаммони ижроси Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари Давлат қўмитасига ҳамда Хоразм вилоят ҳокимлигига топширилганини маълум қилди.

Фуқароларнинг мазкур ҳудуддаги ичимлик суви борасида билдирган  муаммоси ҳам тегишли ташкилот раҳбарлари билан келишиб бартараф этиладиган бўлди. Ушбу қишлоқдаги “Равот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отахон Ҳайитов маҳаллада 70 та га яқин оила турар жой учун ариза бериб қўйгани, шу боис, “Бекобод” қишлоғидан 100 ёки 150 ўринли турар жой қуриб берилса аҳолининг муаммолари бартараф этилган бўлар эди,-деди. Ишчи гуруҳ аъзолари, “Бековот” қишлоғидаги ер майдонида турар жойлар қуриш учун имконият борлигини эътиборга олиб, бу масала хусусида туман ҳокими билан суҳбатлашиб, бир қарорга келишишни билдиришди.

Қизғин мулоқотлар давомида қоллеж битирувчиси Маҳкамбек Қутлимуродов маҳаллада интернет клуби очиш учун коллеж битирувчисига белгиланган кридет маблағи етмаслигини билдирди. Жойнинг ўзида “Марказий банк” кўмагида бу муаммо ҳам ҳал этилди.

Коллеж ўқувчиси Жаҳонгир Абдуллаев ва бошқалар коллежда турли мавзуларда маънавий-маданий тадбирларни ўтказишда овоз созлагич, микрафон каби техникаларни қиммат нархда вақтинчага олишаётганини ҳамда спорт зали спорт анжомлари билан таъминланмагани тўғрисида гапиришди. Бу масала юзасидан М.Қурбонбоев жойнинг ўзида вилоят Молия бошқармасига мурожаат этди. 2018 йил харажатлар сметасига киритиш йўли билан муаммо бартараф этилиб, тез кунларда ёшларнинг истаклари ҳам амалга ошадиган бўлди. Депутат коллежнинг Ахборот ресурслари маркази фаолияти билан танишганида янги нашр этилган бадиий адабиётларнинг йўқлиги маълум бўлди. М.Қурбонбоев бу масала эътибордан четда қолмаслигини, туман ҳокими билан гаплашиб йўлга қўйишни маълум этди.

Шунингдек, очиқ мулоқотлар давомида кам таъминланган оила боши  Онабиби опа Олимова 42 яшар туғма ногирон қизи Султонпошша Олимова тўғрисида гапирди. Онахон 1-гуруҳ ногирон қизи ногиронлик аравачаси, телевизор, тикув машинаси билан таъминлашда ёрдам беришни сўради. М.Қурбонбоев бу масалани туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман ҳокими билан тадбиркор ҳомийларни жалб қилган ҳолда амалга оширадиган бўлди.

Зулфия Қурязова, Қишлоқ-хўжалик касб-ҳунар коллежи директори, суҳбатдош:

– Мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан билдирилган муаммо ва нуқсонларнинг барчаси ишчи гуруҳ аъзолари томонидан эътиборга олинди. Муаммоларнинг айримлари жойнинг ўзида ҳал этилган бўлса бошқаси амалга ошириш учун ижрога йўналтирилди. ОМҚП вакиллари томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзоларининг саъй ҳаракатлари билан бир қанча муаммолар бартараф этилганини биламан. Бугунги мулоқотлар ҳам инсон манфати, халқнинг розилиги учун жуда аҳамиятли бўлди. Ҳар бир-муаммонинг бартараф этилишида инсон манфаати мужассам эканига яна бир бор амин бўлдим. Ташкилотчилардан миннатдормиз.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги “Қараул” қишлоғида яшовчи фуқаролар билан мулоқотини давом эттириш мақсадида 1-сон умумўрта таълим мактабига ташриф буюришди. Мулоқот чоғида мазкур қишлоқнинг “Бўстон”, “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан дилдан суҳбатлашишди. Муаммо ва камчиликлар ўртага ташланди. Жумладан, 1-сон умум ўрта таълим мактаби директори Гулшода Мадраҳимова мактаб 624 ўринга мўлжалланган бўлиб, хозирги вақтда 1500 нафар ўқувчи таълим олаётгани, 3-сменага ўтилса хоналар етмай қолиши тўғрисида гапирди ва шу муносабат билан  сентябр ойига қўшимча бино қурилса, деган таклифни берди. Депутат М.Қурбанбоев бу масала юзасидан Халқ таълими ва Молия вазирлиги билан муҳокама қилиб жавобини айтишни қайд этди.

“Бўстон” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар маҳаллада ичимлик суви таъминотидаги муаммолар ҳамда ариқларга умуман сув келмаслиги тўғрисидаги баёни ишчи гуруҳ аъзолари томонидан эътиборга олинди. “Бўстон” маҳалла фуқаролар раиси билан маслаҳатлашиб тез кунда сув келтириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Мухтасар айтганда, ишчи гуруҳ аъзоларининг масъулият билан ўз вазифасини адо этиши қанчадан-қанча юртдошларимизнинг қувончига сабаб бўлмоқда. Фуқароларнинг ўз ватанидан энг асосийси ҳаётидан рози бўлиб яшашига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг фуқаролар билан мулоқотлари давом этмоқда.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Изоҳ билдириш