34085

Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилди

Ўзбекистон 14 март 21:28 596

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги тизимини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Ҳужжатда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий яхлитлиги, иқтисодий ва мудофаа салоҳиятини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимида алоҳида ўрин тутиши қайд этилган. Шу билан биргаликда, Миллий хавфсизлик хизматининг мақоми, вазифалари ва ваколатлари доирасини аниқ белгилаб берувчи қонун ҳужжати яратилмай туриб, унга миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатилгани ушбу идоранинг давлат органлари фаолиятининг барча соҳаларига асоссиз аралашувига шарт-шароит яратиб бергани таъкидланган.

Давлат хавфсизлик хизмати Миллий хавфсизлик хизматининг вориси деб тан олинади.

«Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади», дейилган ҳужжат матнида.

Ҳужжатга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган сифатида белгиланган.

Хизмат фаолияти унинг ваколатларини қатъий белгилаб берувчи қонунчилик базасини яратиш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши туришнинг замонавий услубларини жорий этиш, янгича асосда ишлайдиган ташкилий тузилмани яратиш, ташкилот сафларига қобилиятли ва ватанпарвар ёшларни жалб қилишни назарда тутадиган кадрлар танлаш тизимини яратиш, ҳарбий хизматчилар ижтимоий ҳимояси ва турмуш тарзини яхшилаш сингарилар негизига қурилади.

Собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг айрим ваколатлари Ички ишлар вазирлигига, шунингдек, Мудофаа вазирлигига ўтказилди.

 

Изоҳ билдириш