34074

Контракт тўлаган талабанинг ота-онасига қандай солиқ имтиёзлари мавжуд?

Ўзбекистон 14 март 16:17 13 827

Талабанинг ота-онаси 2017 йилда ўғлининг олий ўқув юртига ўқишга кириши учун 60,0 миллион сўм миқдоридаги суперконтракт суммасини ҳамда 2017/2018 ўқув йили учун 6,5 миллион сўм миқдоридаги контракт суммасини тўлаб берди. Шу тариқа унга жами 66,5 миллион сўм тўланди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси ҳамда Ўзбекистон республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, фарзандларнинг ўқиши учун тўланган суммаларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

Бироқ, мазкур ҳолатда вазият шундайки, 2017 йилда ота-онадан бирининг йиллик даромади – 18,0 миллион сўмни, иккинчисининг даромади – 21,0 миллион сўмни ва уларнинг жами даромадини қўшганда 39,0 миллион сўмни ташкил этди. Яъни ушбу сумма жорий йилги ўқиш учун контракт бўйича тўланган суммадан кам бўлди. Тегишлича, тўланган контракт суммасидан 27,5 миллион сўм ортиқ сумма қолмоқда ва унга нисбатан юқоридаги солиқ бўйича тақдим этилган имтиёз қўлланилмайди, чунки даромад суммаси контракт суммасидан кам.

Шу муносабат билан тушунтириш берсангиз, солиқ инспекцияси келгуси ҳисобот даври учун имтиёз қўлланилмаган контрактнинг қолган суммасини инобатга оладими ва қолган суммага тегишли имтиёзни келгуси 2019 йилда олинадиган даромадга нисбатан қўллайдими? Кўрсатиб ўтилган суммалар нақд пул шаклида тўланган.

Солиқ тўловчи

Мазкур ҳолатда, яъни ўқиш учун мустақил равишда тўлов тўланганда (ота-онанинг иш жойидан тўланмаганда) солиқ чегирмаси келгуси йилларга ўтказилмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2107, 2010 йил 27 май, кейинги ўринларда – 2107-сонли Низом) 16-бандида белгилаб қўйилган:

«Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов жисмоний шахс томонидан мустақил равишда (нақд пул ҳисобига, жисмоний шахсларнинг банклардаги омонат ва бошқа ҳисоб рақамларидан ёки пластик карталардан фойдаланган ҳолда) амалга оширилганда, солиқ чегирмаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 191-193-моддаларида назарда тутилган тартибда давлат солиқ хизмати органларига жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш йўли орқали берилиши мумкин. Бунда, солиқ чегирмаси Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасига, солиқ даври учун кўрсатилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади миқдорида берилади».

Бунда 2107-сонли Низомнинг 18-бандига мувофиқ:

«26 ёшгача бўлган таълим олувчининг ўқиши учун тўлов амалга оширилганда жами йиллик даромади тўғрисида декларацияни тақдим этувчи жисмоний шахс декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхаларини тақдим этади.

Агар солиқ чегирмаси суммаси жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади суммасидан ортиқ бўлса, қолган суммага солиқ чегирмаси уни олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларга, солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхалари тақдим этилганда берилади.

Давлат солиқ хизмати органлари ўзларида мавжуд маълумотлар ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида мустақил равишда солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар томонидан солиқ чегирмаси кўринишидаги имтиёз суммаси қўлланилганлигини аниқлайдилар».

2107-сонли Низомнинг 19-бандида солиқ чегирмаси ҳуқуқига эга барча шахслар (ота, она) солиқ чегирмасини қандай расмийлаштириши юзасидан тушунтириш бериб ўтилган:

«Солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар битта давлат солиқ хизмати органида ҳисобда турмаган тақдирда жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация қуйидаги тартибда тақдим этилади:

жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этувчи жисмоний шахс декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ солиқ чегирмасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар томонидан солиқ чегирмаси тариқасидаги имтиёз суммаси қўлланилмаганлиги тўғрисидаги маълумотномани (маълумотномаларни) тақдим этади (масалан, таълим олувчининг отаси жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этмоқда.

Таълим олувчининг отаси декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда унинг фарзанди (фарзандлари) ва рафиқаси солиқ чегирмасини қўлламаганликлари тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномани тақдим этади);

агар солиқ чегирмаси суммаси жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади суммасидан ортиқ бўлса, қолган суммага солиқ чегирмаси уни олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларга, мазкур шахслар томонидан бошқа жисмоний шахслар солиқ чегирмасини қўллаганлиги тўғрисида ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда давлат солиқ хизмати органлари томонидан бериладиган маълумотнома тақдим этилгандагина берилади (масалан, таълим олувчининг онаси жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этмоқда.

Аввал жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация таълим олувчининг отаси томонидан тақдим этилган ва у томонидан таълим олишга йўналтирилган маблағларнинг бир қисмига солиқ чегирмаси қўлланилган. Таълим олувчининг онаси жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда отасининг солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органи томонидан берилган қўлланилган солиқ чегирмаси суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этади)».

Хулоса: юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, агар ёши 26 ёшгача бўлган талаба олий ўқув юртига ўқишга киришидан аввал ҳеч қаерда ишламаган бўлса (2017 йил учун даромадга эга бўлмаса), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод бўлиш тарзидаги имтиёзга фақат унинг ота-онаси уларнинг жами даромадидан кўп бўлмаган суммада (18 миллион сўм + 21 миллион сўм = 39 миллион сўм) эга бўлади. Ушбу имтиёзни солиқ инспекцияси ота-она жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ва 2107-сонли Низомнинг 17-бандида келтирилган асословчи ҳужжатларни тақдим этганда қўллайди.

Ота-онанинг йиллик даромадидан ошган суммага – 27,5 миллион сўмга (66,5 миллион сўм – 39 миллион сўм) имтиёз қўлланилмайди. Шунингдек, ушбу сумма келгуси солиқ даври, яъни 2018 йилга ўтказилмайди.

Изоҳ билдириш