32588

Ўзстандарт: «Козимжон Омад» ва «Покиза Ният» колбаса маҳсулотлари ва бошқа қатор маҳсулотлар талабга жавоб бермайди

Ўзбекистон 23 февраль 0:44 786

«Ўзстандарт» агентлиги Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти савдо расталарида сотилаётган 18 турдаги сут ва гўшт маҳсулотларини меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топди. Бу ҳақда Халқаро Пресс-клубнинг «Ўзстандарт: ислоҳотларнинг янги босқичи, интеграция ва муаммолар таҳлили» мавзусидаги сессиясида маълум қилинди.

Билдирилишича, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг савдо расталарида сотилаётган 56 турдаги (сут ва сут маҳсулотлари, колбаса маҳсулотлари, ичимлик суви, болалар озуқаси, какао ва шарбат) маҳсулотнинг назорат хариди амалга оширилди ва ушбу маҳсулотлар синов лабораторияларида синовдан ўтказилди.

Синов натижаларига кўра 18 турдаги сут ва гўшт маҳсулотлари меъёрий ҳужжат талабларига сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича номувофиқлиги аниқланди.

Ўтказилган синовлар натижасида “Хасанмолпром”ХФ томонидан ишлаб чиқарилган “Гармония”30% қаймоғи, “Иззат” ХК томонидан ишлаб чиқарилган 2,5% “Творог” маҳсулоти, “GOOD FOOD ORGANIC” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган қуюлтирилган сут маҳсулоти, “Тонг сутлари” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “25% Сметана” ва “35% Қаймоқ” маҳсулотлари, “Хамидахон баркали Тайёрлов” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 2,5% йогурт ва 20% сметана маҳсулотлари, “Believe Milk Food” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Шафтоли” мазали йогурт, “Молочный край” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “30% қаймоқ”, “15% Сметана” маҳсулотлари, “Angren meat-milk” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Бест” сметанаси томонидан ишлаб чиқарилган сут маҳсулотлари физик-кимё кўрсаткичлари бўйича меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди.

Номувофиқликлар «Козимжон Омад» ва «Покиза Ният» МЧЖлари томонидан ишлаб чиқарилаётган колбаса маҳсулотларида ҳам аниқланди.

Сут маҳсулотларида аниқланган номувофиқликлар асосан маҳсулотларнинг ташқи кўриниши, ҳиди, мазаси, таркибидаги ёғ миқдорининг белгиланган талабда эмаслиги бўйича, колбаса маҳсулотлари эса таркибидаги крахмал моддаларнинг белгиланган талаблардан юқори эканлиги бўйича меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди.

«Ўзстандарт» агентлиги мамлакатда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш борасида фаолият юритади.

Изоҳ билдириш