32579

Президент аэропортлар ҳудудидаги «таксистларни» тартибга келтиришга топшириқ берди

Ўзбекистон 22 февраль 23:14 480

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилинди.

Президент сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди. Аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатлар, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Туризмда мавсумий даврни узайтириш, кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш ва туризм инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинар экан, меҳмонхоналарнинг асосий қисми Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида экани, туристлар оқими ошган даврда уларда ҳам жой етишмаслиги қайд этилди. Меҳмонхоналарни кўпайтириш, шу билан бирга, бу йўналишда хусусий жойлаштириш объектлари ва меҳмон уйлари ташкил этиш, тадбиркорларга ер ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлар ва автомагистрал йўллар бўйида санитария-гигиена шаҳобчаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар берди.

Изоҳ билдириш