32528

«Аҳмадбой»нинг адвокати суд ҳукмидан норози

Ўзбекистон 22 февраль 15:25 1 481
Фото: Кун.уз

Молиявий пирамида асосчиси, чинозлик Аҳмаджон Турсуновнинг адвокати суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят аризаси берилишини маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди қарорига кўра, Аҳмаджон Турсунбоевга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, Турсунбоев бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан маҳрум этилди ва энг кам иш ҳақининг 400 баравари — 52 млн 96 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия актига асосан, унга қўлланилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилди.

«Суд судланувчиларга жазо тайинлашда Ўзбекистон Конституцияси ва жиноят қонунчилигида назарда тутилган инсонпарварлик тамойилларига асосланди. Хусусан, судланувчиларнинг чин дилдан пушаймонлиги ва жиноятни очишда фаол иштирок этганликлари инобатга олинди», — деди Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

Аҳмаджон Турсунбоевнинг адвокати суд ҳукми ҳақида ўз фикрини билдирди.

«Ҳукмни эшитдик. Менинг ҳимоям остидаги шахс ва мен бу ҳукмга қўшилмаймиз. Суд қарорини олганимиздан кейин апелляция инстанцияга шикоят берамиз», — деди адвокат Малика Мазбудова.

Эслатиб ўтамиз Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июл ойида қўлга олинган эди. Жиноий гуруҳ аъзолари аҳолидан ўта катта миқдорда маблағ қабул қилиб, уни бир йил ичида 100% ставкаси билан қайтариб беришни ваъда қилишган.

Изоҳ билдириш