32302

Янги ўқув йилидан бошлаб «ТАТУ»да ўқитишнинг кредит тизими жорий этилади

Ўзбекистон 20 февраль 10:23 1 282

Янги ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиалларида ўқитишнинг кредит тизими жорий этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида, шу жумладан унинг филиалларида 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув жараёнининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш суръатлари билан узлуксиз алоқасини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ўқув режалар ва дастурлар, битирувчилар учун малака талабларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

профессор ўқитувчилар таркиби меҳнатини ўқитишнинг кредит тизими шартларидан келиб чиқиб фақат таълимга хос тадбирлар асосида иш вақти ҳисобга олинишига асосланган ҳолда мустақил нормалашни амалга ошириш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг бажарилишини рағбатлантириш ҳуқуқи берилди.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда кредит тизими бўйича ўқитиш тартибини белгилайдиган Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Изоҳ билдириш