31925

ОТМларда «Мактабгача таълим» йўналишида 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади

Ўзбекистон 15 февраль 13:20 958

2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича  кўрилаётган  чора-тадбирлар  натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, тизим жорий этилишида илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Жорий йил март ойидан бошлаб, вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Бу ҳақида сўз юритар экан, Президентимиз Жанубий Кореянинг Пучон университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Мактабгача таълим университетини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

 

Изоҳ билдириш