31100

Вазир Қўчқоров ойлик маошлар ўз вақтида берилишини назорат қилмоқда

Иқтисод 5 февраль 17:27 1 728

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида вазир Ж.Қўчқоров раҳбарлигида вазир ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг бошқарма бошлиқлари иштирокида иш ҳақи тўловини белгиланган муддатларда тўланиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида жорий йилнинг январь ойида Молия вазирлиги томонидан қуйи молия органларига бюджет ташкилотлари ишчиларининг иш ҳақи тўловларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида жами 588 млрд сўм миқдорда қисқа муддатли бюджет ссудалари ва бошқа маблағлар ажратилганлиги таъкидланди.

Шундай бўлсада, республиканинг айрим вилоятларида Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ходимларига 2017 йил декабрь ойининг иккинчи ярми учун иш ҳақини тўлаш муддатлари белгиланган муддатларга нисбатан кечикишига йўл қўйилган.

2018 йилнинг январь ойи давомида иш ҳақини тўлаш муддатларига риоя этилмаганлиги юзасидан республиканинг турли ҳудудларидан бир нечта мурожаат (шикоят)лар келиб тушганлигини таъкидланди. Хусусан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган мактабгача таълим муассасаси ходими Г.Кимнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали мурожаатига кўра 2017 йил декабрь ойининг иккинчи ярми учун иш ҳақи пуллари 2018 йилнинг 20 январида вазирликнинг масъул ходимларининг бевосита аралашуви орқали олинганлиги айтиб ўтилди.

Вазирликнинг тармоқ бошқармалари бошлиқларининг фаолияти бюджет ташкилотлари томонидан иш ҳақини ўз вақтида ҳисоблаб, тўлов ҳужжатларини молия ва ғазначилик органларига тақдим этилиши бўйича назоратни таъминламаганликлари учун қаттиқ танқид остига олинди.

Йиғилишда вазир ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг тармоқ бошқармалари бошлиқларига иш ҳақи тўлови учун бюджет ссудаларини ва бошқа маблағларни кечи билан 2 иш куни ичида молиялаштирилишини таъминлаш; бюджет ташкилоти ходимларига ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи тўланишини кечи билан кейинги ойнинг биринчи 5 иш кунида, ойнинг биринчи ярми учун аванс тўловларини эса кечи билан жорий ойнинг 20 санасигача тўланишини шахсий назоратга олишлари бўйича топшириқлар берилди.

Маълумот учун: бюджет ташкилотларида ойлик иш ҳақини тўланишининг кечикиш ҳолатлари бўйича Молия вазирлигининг (371) 200-50-50 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

Изоҳ билдириш