30966

Сафарбарлик чақирув резерви учун тўланадиган бадал пули миқдори камайтирилди

Ўзбекистон 5 февраль 8:54 1 856
Фото: Mudofa.uz

Мамлакатимиз аҳолисига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинадиган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадаллари ҳажмини  камайтириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказилаётган фуқаролар учун енгиллик ва қулайликлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланди.

Унга қадар сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этган.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида туман (шаҳар)  чақирув комиссиялари томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар яратиб берилган ушбу имкониятдан кенг фойдаланган ҳолда янгидан белгиланган пул бадали миқдори бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалларини тўлашлари мумкин бўлди.

Таъкидлаш керакки, ўтган давр мобайнида ҳарбий хизматнинг мазкур тури ҳарбий-ватанпарварлик мактабига айланди. Унда ёшларимиз ўз йигитлик бурчини ўтаб, бошланғич ҳарбий тайёргарликни эгаллаш ва чиниқиш мактабини ўтамоқда. Ўзларини эл-юрт учун кераклигини яна бир бор ҳис этиб, қисқа муддат ичида лозим бўлган ҳарбий тайёргарлик ва амалий билимларни ўрганишмоқда. Бир сўз билан айтганда Ватан олдидаги ҳарбий бурчларини бажариб келишмоқда.

Шу боис, ҳукуматимиз томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматини янада такомиллаштириш, ўтказилаётган жанговар, маънавий-маърифий тайёргарликлар тизимини янада яхшилашга катта эътибор қаратиляпти.

Эслатиб ўтамиз, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан 2003 йилдан бошлаб чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат жорий этилган.

Унга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилган бўлиб, чақирилувчилар томонидан махсус ҳисоб рақамга пул бадали киритилишини назарда тутади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган чақирилувчилар олинади ва улар ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги 99-сонли “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинадиган фуқаролар томонидан Махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадалларининг тўланиш тартиби ва шартлари Қуролли Кучларда ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув даврида чақирилувчи ва Мудофаа вазирлиги номидан худудий мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

Сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган чақирилувчилар томонидан пул бадаллари, уларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида Давлат-тижорат Халқ банки муассасалари орқали тўланади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Изоҳ билдириш