30852

Гўшт хавфсизлигига доир талаблар тасдиқланди

Иқтисод 2 февраль 13:57 893

Вазирлар Маҳкамасининг 22.01.2018 йилдаги 36-сон қарори билан Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент ҳамда уни жорий этиш схемаси тасдиқланди.

Тасдиқланган рўйхат бўйича гўшт ва гўшт маҳсулотлари (жами 141 номдаги) техрегламент тартибга соладиган объектлар ҳисобланади. У қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

жисмоний шахслар ўз фойдаланиши учун кейинчалик сотиш ниятисиз сўйган маҳсулотлар ва гўшт маҳсулотлари;
ҳайвонлар учун озуқабоп ва озуқага биологик фаол қўшимчалар, дорилар, емлар, озуқага мўлжалланмаган, сўйилган маҳсулотлардан фойдаланиб ёки улар асосида тайёрланган маҳсулотлар;
овқатланиш (умумий овқатланиш) ташкилотларининг хизматлар кўрсатишда сотиш учун мўлжалланган, шунингдек кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда сўйилган маҳсулотлардан ва гўшт маҳсулотларидан фойдаланиб ёки улар асосида тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари;
рецептурасига кўра гўштли ингредиентлари камида 5%ни ташкил этадиган озиқ-овқат маҳсулотлари.

Ҳужжатда маҳсулотни мажбурий идентификациялаш[1] назарда тутилган, уни қуйидагилар амалга оширади:

уни мамлакат ҳудудида муомалага чиқараётган тайёрловчи;
сертификатлаш органи – маҳсулотни баҳолаш ва мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида;
давлат назорат органи – маҳсулот техрегламент талабларига мувофиқлигини текшириш мақсадида.

Техрегламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ва уларнинг ҳудудий органлари, шунингдек махсус ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадилар.

Бу – муҳим! Тадбиркорлик субъектлари қабул қилинган техрегламентни ўрганиб чиқишлари, сифат учун масъул ходимларни ўқитишлари ва уни ўз ишлаб чиқаришларида жорий этишлари шарт. Техрегламент амалга жорий этилгандан кейин сертификатлаш таомилларидан ўтиш (санитария-эпидемиология ва ветеринария хулосаларини олиш) учун унинг талабларига мувофиқ маҳсулот намуналарини тайёрлашлари зарур.

Маълумот учун: техник регламентлар амалга жорий этилиши билан стандартлаштириш бўйича илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар уларда кўрсатилган маҳсулотлар учун мажбурий бўлмай қолади ва ихтиёрий қўллаш тусига эга бўлади.

Техрегламент кучга киргунга қадар сўйилган маҳсулотлар ва гўшт маҳсулотларига берилган санитария-эпидемиология хулосалари ва мувофиқлик сертификатлари уларнинг амал қилиш муддати тугагунча ҳақиқий ҳисобланади.

Изоҳ билдириш