29793

Ўзбекистонда мотам: ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамдардлик билдиришмоқда

Ўзбекистон 19 январь 13:41 1 141

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида содир бўлган автоҳалокат 52 нафар Ўзбекистон фуқаросини ҳаётдан олиб кетди.

Ўзбекистонга турли давлатлар ва ташкилотлардан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида Наманган вилоятига ҳамдардлик билдираётган фойдаланувчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Одамлар Қозоғистонда содир бўлган мудҳиш фожеа юзасидан турли шеърлар ва ҳамдардлик изоҳларини ёзишмоқда.

Kobiljon Isakov «Халол ризқ йўлида кетган шаҳид юртдошларимга» номли шеър ёзган.

Ризқ излаб йироқ юрт юзланган болам,

Тек турмай, минг чора изланган болам,

Алпқомат келбатинг кўзланган болам,

Ортингдан бутун юрт бўзланган болам,

«Тирикчилик»-дея изланган болам!»

Ҳали туғилмаган фарзандинг қолди,

Келинчагинг қора рўмолин солди,

Азроил…жонингни оғриниб…олди,

Билаклар ҳаққингга дуодан толди,

«Тирикчилик»-дея изланган болам!»

Хулкар Абдуллаева: «Қайғудамиз. Инсон нимага дунёга келади деган савол мени кўпдан қийнайди. Шундай ўлим топиш учунми? Ҳали ўз сўзини айтиб улгурмаган норғул йигитлар энди яқинлари орасида йўқ, орамизда йўқ. Ҳаммамиз учун отган тонг бугун улар учун отмади. Кўпчилигимиз оналаримиз ва оталаримизни, фарзандларимизни қучиб уларга яхши сўзларни айтишимиз мумкину, аммо улар бундай бахтдан энди бебаҳра. Улар энди йўқ. Умид излаб умидсизликка қурбон бўлган азизларим. Аллоҳ сизни ўз раҳматига олган бўлсин».

Дилдора Юсупова: «Оналар, ох онажонлар, сизларга дунёларча, ундан ҳам кўпроқ сабр-бардош тилаймиз».

«Улар ичида ҳали йигирмага кирган ва кирмаганлар бор экан. Юрагида қанча-қанча орзулари, мақсадлари бўлган. Қайтгач ёқтирган қизига ўйланмоқчи бўлгандир. Олийгоҳга кирмоқчи бўлганлари бор бўлган. Оталар келиб уй қилмоқчи бўлгандир. Ўғилчаси бўлса тўй қилмоқчи бўлгандир», — деб ёзган Дилфуза Рўзиева.

Исматова Дилором: Биз буни бутун Ўзбекистон азаси деб тан оламиз. Хаммаси ёш навқирон йигитлар экан. Оллоҳ яқинларига сабр берсин. вафот этганларнинг охирати обод бўлсин. Омин.

Махмуд Обидов: Ўтганларни охирати обод булсин! Якинларига сабир берсин. Ен кишлоғимда 10 та мотам хонадон…

Эьтибор Курдошева: «Эй худойим ўзи раҳматига олсин, кўписи ёш йигитлар экан оналарига оиласига сабр берсин»,-  дея турли хил ҳамдардлик изоҳларини ёзишмоқда.

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқандда бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасида Қуръон тиловатлари қилиниб, Қозоғистон фожиасидаги марҳумларнинг ҳақига бағишлангани, бундай савобли ишлар давом эттирилаётганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, Қозоғистондаги барча масжидларда бугунги жума намози пайтида қурбонларнинг ҳақига дуо қилиниши ҳақида хам хабар берилган эди. 

Изоҳ билдириш