29496

Шаҳар ва халқаро телефония нархлари оширилади

Ўзбекистон 17 январь 11:52 460

Шаҳар ва халқаро телефония тарифлари февраль бошидан ошади, дея хабар бермоқда«Ўзбектелеком» АК. Чет элга қўнғироқлар 70 фоизга қимматлашади. 

Шаҳар телефонияси нархи ўртача 30 фоизга, халқаро телефон қўнғироқлари ва халқаро сунъий йўлдош алоқаси тармоғи тарифлари эса 70 фоизга кўтарилади.

Нарх ошганидан сўнг «Ўзбектелеком» АК тарифлари 0,10 дан 0,13 долларгача қийматда бўлади. Шу тариқа, Ўзбекистондаги нархлар ошганидан кейин ҳам қўшни давлатларга солиштирганда паст даражада қолади.

Бугунги кунда компания молиявий барқарорликка эришишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис ўз фаолияти иқтисодий самарасини кўзлаб ёндашувларни қайта кўриб чиқмоқда. Операторлар ўртасидаги халқаро келишувлар хорижий валютада ҳисоб-китоб қилишни кўзда тутмоқда. «Нархлар ўсмоқда ва биз ўз хизматларимиз баҳосини қайта кўриб чиқишга мажбурмиз. Бундан ташқари, компаниямиз бўлимлари техник базаларини модернизация қилиш, филиалларни халқаро стандартларга мувофиқ жиҳозлаш масалалари долзарблигича қолмоқда», – дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш