29400

Ўзбекистон Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтказилди

Ўзбекистон 16 январь 14:04 593

Ўзбекистон Ислом академияси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ислом академияси Президентнинг 2017 йил 15 декабрдаги ПҚ-3433-сон қарорига асосан ташкил этилган. Бу ҳақида вазирликнинг ижтимоий тармоқдаги каналида хабар берилди.

Академия Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасидир.

Таълим муассасасининг асосий мақсадлари:

республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш;
тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш;
қуръоншунослик, тафсир ва фикҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашдир.

Академия Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг бой илмий меросини, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган жаҳон алломаларининг асарларини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, дин ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли экстремистик оқим ва йўналишларнинг бузғунчи ғояларига қарши илмий раддиялар тайёрлаш ва бошқа бир қатор муҳим вазифалар билан ҳам шуғулланади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасида давлат, жамоат ва ёшлар ташкилотлари, диний соҳа вакиллари билан учрашувида диний таълим тизимини таҳлилий ўрганиб чиқиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш, юқори илмий тайёргарликка эга мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ислом академиясини тузиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Изоҳ билдириш