29320

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 24,3 фоизга ошди

Ўзбекистон 15 январь 20:29 404

Жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг журналистлари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов томонидан мамлакатимиз туризм салоҳиятини тубдан янгилаш, тизимда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилиш, 2017 йилда мамлакатимизга келган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони, 2018 йилда кутилаётган натижа, туризмни ривожлантириш борасидаги ҳуқуқий асослар, хавфсиз туризм концепцияси ва миллий туризм маҳсулотлари ва брендларини халқаро туризм бозорига кириб боришини таъминлаш тўғрисида ОАВ вакилларига ахборот берилди.

Ўтган давр мобайнида туризм соҳасининг қонунчилик асосини мустаҳкамлаш, соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳамда 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, улардан 22 таси қабул қилинди ҳамда амалга оширилмоқда.

2017 йилда республикага ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 млн. 520 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 24,3 фоизга ошган.

Шу билан бир қаторда, ҳозирда туризм хизматлари экспорти 2016 йилга нисбатан 24 фоизга ошиб 1 млрд. 557 млн. АҚШ долл.ни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 2017 йил давомида жами 101 та жойлаштириш воситалари ва 128 та туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг бугунги кундаги сони 851 та жойлаштириш воситалари ва 561 та туроператорларни ташкил қилади.

Ҳозирда туроператорлик ва меҳмонхона фаолиятини сетификатлашнинг тасдиқланган янги низоми бўйича ўтган давр мобайнида жами 442 та туризм хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, яъни 221 та меҳмонхона ва 221 та туроператорлик хизматларини кўрсатувчи субъектлар сертификатланган бўлса, туризм фаолияти субъектларини лицензиялашнинг янги низоми асосида жами 128 та тадбиркорлик субъектларига туроператорлик фаолиятини амалга ошириш хуқуқини берувчи лицензиялар тақдим қилинди.

Ҳозиргача Туризм соҳасидаги кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика маркази томонидан 1060 нафар мутахассис: 298 нафари қайта тайёрланди, 292 нафари малакаси оширилди, 470 нафари семинар ва мастер-классларда иштирок этишди.

Ҳудудий дастурларда белгиланган Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд Сити” туризм зоналарини ташкил қилиш, умумий ҳисобда 450 тага яқин лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан
50 та маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш,
50 тадан ортиқ меҳмонхоналар қуриш ва қайта тиклаш, 100 тага яқин умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи объектларни барпо этиш бўйича ишлар олиб борилди.

Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш мақсадида 20 дан ортиқ давлатнинг ОАВ вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкиллаштирилиб, уларнинг  ташрифлари натижасида 1250 дан ортиқ информацион материаллар босма ва электрон ОАВ нашрларида жойлаштирилди. Бугунга қадар 920 дан ортиқ хорижий босма ва электрон ОАВ нашрлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳозирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг http://uzbektourism.uz/ веб-сайти ҳамда  https://www.facebook.com/uzbektourism.uz ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўзининг интернет фойдаланувчиларига доимий тарзда маълумот бермоқда ва тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда.

Шу билан бир қаторда, туризм соҳасига тааллуқли бўлган барча масалалар бўйича тезкор ва аниқ маълумот олиш, туризм соҳаси субъектлари ва туристлар сўровларини тўлақонли қабул қилиш мақсадида 2017 йил 4 декабрида Қўмитанинг узлуксиз 24 соат фаолият юритадиган “Call Center” (маълумот маркази) ишга туширилди.

Изоҳ билдириш