29218

Чегарачилар республикамиз ҳудудига ноқонуний кириб келаётган катта миқдордаги махсулотларни тўхтатиб қолишди

Ўзбекистон 15 январь 10:44 436

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бошпочтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Туркиядан юборилган почта жўнатмаларидаги маълумотларни таҳлил қилиш давомида уларни шубҳалантирган жиҳат фош бўлди. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, жами оғирлиги 1120 кгдан ортиқ бўлган ушбу жўнатмалар 55 нафар фуқаролар номига юборилган бўлса-да, жўнатмалардаги манзил ва боғланиш учун телефон рақамлар айнан бир хил бўлиб чиқди.

Кўриниб турибди-ки, уларни қабул қилувчи аслида битта шахс бўлиб, божхона ходимларини чалғитиш мақсадида турли исм-шарифлардан фойдаланилган.

Шу тариқа қонунбузарлар почта жўнатмалари орқали қиймати 150 млн сўмлик 3 минг донага яқин турли хилдаги кийим кечакларни олиб киришга уринишган.

Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой техник идора» чегара божхона пости ходимлари Республика транспорт прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда фуқаро М.Исматов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) номига Хитойдан келган контейнерларни божхона кўригидан ўтказиш чоғида, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган умумий қиймати 6690 АҚШ долларига тенг «Ишлаб чиқариш дастгоҳлари» билан бирга ҳужжатларда кўрсатилмаган 3500 дона косметика ва парфюмерия товарлари, 1650 дона чўғланма электрлампалар, 108 тонна ширинликлар ҳамда хўжалик товарлари борлиги маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу аниқланган товарларнинг нархи салкам 920 млн сўмни ташкил этади. Контейнерни божхона кўригидан ўтказиш вақтида аниқланган электр чўғланма лампочкаларининг қуввати 500 Вт. бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг «Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 20 октябрдаги 299-сон қарори талабларига биноан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бу турдаги маҳсулотларни реализация қилиш тақиқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Изоҳ билдириш