28671

Булунғурда сектор раҳбарлари ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Ўзбекистон 9 январь 9:58 1 621

2018 йил 8 январ куни Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳокими Б.А.Бахрамов, туман прокурори У.Бутунов, туман ИИБ бошлиғи подполковник С.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Булунғур туман Кенгаши раиси О.Саттаровлар иштирокида 2017 йил 22 декабрдаги Мухтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун моҳиятини тўғри англаш ва халқ орасида тарғиб қилиш, ёшларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари, муаммоларини тинглаш ва тегишлилиги бўйича зарурий чораларни кўриш, шунингдек ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида туман ҳокимлиги фаоллар залида учрашув ташкил этилди. Бу ҳақида Asr.uz нинг Самарқанддаги манбаси хабар берди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда тумандаги барча корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилот етакчилари, мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ёшлар етакчилари, ёшлар масалалари бўйича маҳалла раиси ўринбосари – маҳалла посбонлари ва ҳуқуқ-тарғибот органлари фаолиятига қизиқиши баланд, ватан тақдирига бефарқ бўлмаган фаол уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Учрашув давомида ёшлар туман ҳокими, туман прокурори, туман ИИБлар бошлиғи ва туман ёшлар етакчисига ўзларини қизиқтирган савол, таклиф ва муаммолари билан бевосита мурожаат қилишди.
Туман ҳокими Б.А.Бахрамов ҳам юртбошимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибордан тўғри фойдаланиш ва юртбошимизнинг юксак ишончни оқлаш ва муносиб тарзда жавоб бера олишлари лозимлигини, бу борада ҳокимлик органлари ёшлар томонидан билдирилаётган ташаббусларни қўллаб қувватлашга доим тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунига кўра, ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар асосида келгусида амалга ошириладиган ишлар йўл харитаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари тегишли ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси ва маҳалла посбонлари, шунингдек уюшмаган кўнгилли ёшлардан иборат “Хавфсиз ҳудуд посбонлари” кўнгилли ёшлар тузилмасини тез орада ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Изоҳ билдириш