28227

Ҳукуматдаги энг ёш вазир ўринбосари фаолияти юзасидан ҳисобот берди

Ўзбекистон 4 январь 14:06 1 964

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматидаги энг ёш вазир ўрибосари Алишер Саъдуллаев ижтимоий тармоқларда энг фаол Ҳукумат вакили саналади. Саъдуллаев ёшларни янги ғоялар устида ишлашга ундайдиган фикр-мулоҳазалар ёзиб қолдиради ва унинг ёзганларига кўпинча муҳокамалар марказида бўлади. Халқ таълими вазирининг ўринбосари фаолияти юзасидан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги сахифаси орқали тақдим этган ҳисоботи хам тармоқ фойдаланувчиларининг диққат марказида бўлди. Қуйида ушбу ҳисобот билан батафсил танишишингиз мумкин.

Саъдуллаев Алишер Зафарович 2017 йил 3 июлда Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланган.
А.Саъдуллаев Халқ таълими вазирлигида Ўқувчилар ва ёшлар билан ишлаш бошқармаси, Мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш бошқармаси ҳамда Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлимига бевосита раҳбарлик қилади.

I. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармони, 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3138-сонли қарорининг ижросини таъминлаш борасида А.Саъдуллаев ташаббуси билан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг жорий йил 7 августдаги қўшма қарори билан Иттифоқнинг умумий ўрта таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари тўғрисидаги Низом ҳамда бошланғич ташкилотларнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

2017-2018 ўқув йилидан эътиборан барча умумтаълим мактабларида тўгарак раҳбари ва бош етакчи лавозимлари ўрнида “ёшлар етакчиси” лавозими жорий этилиб, ушбу лавозимга етакчилик қобилиятига эга бўлган олий маълумотли кадрлар тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 2 августда ўтказилган Умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда босқичма-босқич 11 йиллик мажбурий ўрта таълимни жорий этиш масалаларига бағишланган мажлис баёнининг 14-бандида қайд этилган ҳар бир ҳудудда ёшлар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштиришга ва илғор тажрибаларни бошқа таълим муассасаларига оммалаштиришга хизмат қиладиган намунавий таълим муассасаларини ташкил этиш топшириғи асосида 194 та туман (шаҳар)да намунавий таълим муассасалари ташкил этилди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ёшлар етакчилари учун “Муваффақият мактаби”, “Мунозара клуби” ва “Заковат” интеллектуал ўйин лойиҳалари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда Тошкентдаги “Вестминстер” университетида жорий йил 16-21 октябрь кунлари лидерлик, креатив ёндашув, ижтимоий лойиҳаларни ташкил этиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган республика ўқув-тренинг машғулотлари ташкил этилиб, ҳар бир ҳудуд учун каскад усулда фаолият кўрсатадиган 28 нафар тренерлар тайёрланди. Ушбу тренерлар томонидан ҳудудларда 500 дан ортиқ ёшлар етакчилари маҳаллий тренер сифатида тайёрланди. Улар томонидан барча мактабларнинг ёшлар етакчилари учун жорий йил
23-24 ноябрда икки кунлик ўқув-семинари ташкил этилади.

Ҳудудлардаги намунавий умумий ўрта таълим муассасалари бошланғич ташкилотларининг 60 нафар “Ёшлар иттифоқи” ва “Камалак” сардорлари учун 2017 йил 13-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқув-тренинглар ўтказилди.

Мазкур тренингларда иштирок этган сардорлар эндиликда ҳудудларда ўқувчи-ёшлар билан “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида фаолият олиб боради ва тенгдошлари учун ижтимоий лойиҳаларни амалга оширади.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда жорий йил 27 ноябрдан 22 декабрга қадар Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да умумий ўрта таълим муассасаларининг ёшлар етакчилари учун ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига қаратилган Республика ўқув-семинарларини ташкил этиш режалаштирилган ва унга 900 дан ортиқ ёшлар етакчиларини босқичма-босқич қамраб олиш кўзда тутилган.

А.Саъдуллаев томонидан Республиканинг барча ҳудудларида ёшлар етакчилар учун «Халқ таълими тизимида ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда ўқувчи-ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишдаги долзарб вазифалар» мавзусида очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Айни пайтда, А.Саъдуллаев ташаббуси билан 10-11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида ишлаб чиқилган “Орзуимдаги касбим” (Му Dream Job) лойиҳаси Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 246-сонли мактабда тажриба-синовдан ўтказилмоқда.

II. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш

Вазир ўринбосари А.Саъдуллаев ташаббуси билан ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мактабдан ташқари таълим муассасаларига қамровини ошириш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқаришга шарт-шароит яратиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида ички ишлар идоралари профилактика ҳисобида турган ўқувчилар ҳамда имконияти чекланган болаларни тўгаракларга жалб этиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилиши натижасида 262 нафар ички ишлар органларида профилактик ҳисобга олинган болалар ҳамда 1629 нафар имконияти чекланган болалар “Баркамол авлод” болалар марказларига жалб қилинди.

Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг фан ва техникага қизиқишларини ошириш орқали уларда ихтирочилик қобилиятларини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 30 октябрь куни “Youth techno art” – “Болаларнинг техник ижодкорлиги” фестиваль-танлови ўтказилди. Фестиваль-танловнинг Республика босқичида 115 нафар ижодкор ихтирочи ўқувчилар 1200 дан ортиқ ишлари билан иштирок этишди. Умуман ушбу фестиваль-танловнинг ҳудудий босқичларида 7 мингдан зиёд ўқувчилар қатнашди. Қолаверса, Республикамиз бўйлаб «менинг ўқишга бўлган мотивациям» мавзусида иншолар кўрик танлови ташкиллаштирилди ва унга 3000 дан ортиқ ўқўвчи ёшлар қамраб олинди.

III. Ўқувчиларда китобхонлик маданиятини ошириш

Ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича жорий йилнинг 27 июль куни “Ёшлар ижод” саройида “Ёш китобхонлар” республика кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларида 1,5 мингга яқин ўқувчилар иштирок этиб, республика босқичида 70 нафар ўқувчилар қатнашди.
Ўқувчилар учун ижтимоий тармоқларда китобхонликни тарғиб қилиш бўйича “Республика болалар кутубхонаси”, “Илм учун китоб улашамиз”, “kitob.uz” саҳифалари очилиб, “он-лайн” китобхонлик тадбирлари ташкил этилмоқда.

Жумладан, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида жорий йил 1-31 август кунлари “Биз Ватанга таянчмиз ва суянчимиз” мавзусида акция ташкил этилиб, унда ҳар куни 3 донадан бадиий ва жаҳон классик адабиётлари бўйича саволлар ва қизиқарли тестлар орқали ғолиблар аниқланди. Ушбу акцияда 12 мингга яқин ўқувчилар иштирок этиб, акцияда энг фаол иштирок этган 50 нафар ўқувчиларга жорий йилнинг 16 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ғафур Ғулом” номидаги истироҳат боғида диплом ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

IV. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш

Таълимни бошқарув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида бугунги кунда тизимда мавжуд “E-MAKTAB” (мактаблар ва “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини мониторинг қилишга мўлжалланган) ва “XT.UZEDU.UZ” (мактаблардаги ўқувчи ва ўқитувчилар ҳисобини, давоматни, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини юритишга қаратилган) тизимлари бириктирилиб ягона маълумотлар базаси ташкил этилмоқда.

Изоҳ билдириш