27873

Миграцияси масалалари агентлиги «Работа в России» порталида «шахсий кабинет» очди

Ўзбекистон 29 декабрь 10:49 485

Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги «Россияда иш» («Работа в России») порталида «шахсий кабинет» очди. Бу ҳақида агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 апрелда Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида имзоланган Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги Битим 2017 йил 21 декабрда кучга кирди.

Ўзбекистон янги шароитларда меҳнат мигрантлари муаммоларига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирди ҳамда меҳнат мигрантларининг Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда улар ишлаётган мамлакат тараққиётига қўшаётган улушини эътироф этмоқда. Ўз навбатида, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ташқи меҳнат миграцияси борасида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, мазкур Битим ишчи кучи миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва келгусида ушбу соҳада ҳуқуқий назоратни янада такомиллаштириш, шунингдек, РФ ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш заруратидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан мазкур Битимни ҳаётга жорий этиш борасида жадал ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, шу йил 2 ноябрда Россия Федерацияси Ҳукумат Раиси Д.Медведевнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Агентлик ҳамда Меҳнат ва бандлик Федерал хизмати (РОСТРУД) ўртасида ахборот алмашиш тўғрисидаги Битим имзоланган ва унга мувофиқ, “Россияда иш” порталида “Агентлик шахсий кабинети” қўйи тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Матбуот анжумани доирасида 2017 йил 2 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги ҳамда Меҳнат ва бандлик Федерал хизмати (РОСТРУД) ўртасида имзоланган ахборот алмашиш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш юзасидан тайёргарлик якунлари муҳокама қилинди.

Изоҳ билдириш