27435

Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси раҳбарлари билан мажлис ўтказди

Ўзбекистон 25 декабрь 23:37 815
Фото: President.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 25 декабрь куни маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, мажлисда Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва ижодий ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Тегишли мутасадди раҳбарларга П.Беньков номидаги рассомлик коллежида 400 ўринли, дизайн коллежида 200 ўринли ўқувчилар турар-жойини қуриш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берилди.

Мажлисда маданият ва санъат соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ғоят муҳим вазифалардан бири экани алоҳида қайд этилди.

«Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак: мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси аввало миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият — бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни аввало миллий маданиятимизни ривожлантиришимиздан бошлашимиз лозим», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ билдириш