27060

Ўқувчи бизни «мот» қилди! Қаердасан, Ёшлар етакчиси садо бер…

Ўзбекистон 21 декабрь 13:22 922

Аввал хабар берганимиздек, Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси касб-ҳунар коллежларидаги ўқувчи-ёшлар тўрар жойларида яратилган шароитларни ўрганишни алоҳида режа асосида бошлаган эди.

Шу мақсадда, куни-кеча кечки вақтда Қарши саноат касб-ҳунар коллежи ётоқхонасидаги шароитлар ўрганилди.

Аҳвол умуман талабга жавоб бермайди. Ошхона, ювиниш хоналари ва иситиш тизими ачинарли ҳолда.

Масалага аниқлик киритиш мақсадида коллеж директорига юзландик. “Биламиз, хабаримиз бор, оз қолди, ўйлаб тургандим”, деган важлардан нари кетмади. Натижада, ўқувчилар билан якка тартибда суҳбатга киришдик:
— Ҳар доим шу аҳволми?
— Ўрганиб қолганмиз, асосий мақсадимиз — ўқиш. Уйдан қалин кийимлар олиб келганмиз.
— Шароит оғир аҳволда экан, Ёшлар иттифоқининг коллеждаги етакчисига мурожаат қилмадингизларми?
— Ростини айтсам, етакчини танимаймиз ҳам. Масъулиятли ва ёшлар тақдирини ўйлайдиган етакчи бўлса, ётоқхонамизга келиб хабар оларди-да…
– …
Бошқа савол беришга ҳожат қолмади. Чунки, “мот” бўлгандик. Дарс вақтида ўқувчилар билан суҳбатлашмаган, уларни муаммолари билан қизиқмаган етакчи кечқурун ётоқхонага келармиди… Яхшиси, ҳолатни ўзингиз кўриб, гувоҳи бўлинг.

Коллеж директори ва Ёшлар етакчисини «кўзи очилиб», яқин кунларда бу муаммолар бартараф этилар…

Бу мавзуга яна қайтамиз.

Изоҳ билдириш